Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Битирувчи ёшлар бандлигини таъминлаш масаласига эътибор қаратилди
11:57 / 2025-10-15

Мирзаобод туманида жорий йилда олий таълим муассасаларини тамомлаган ёшларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирни туман ҳокими Абдураҳим Умаров бошқарди.

Йиғилишда мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, сектор раҳбарлари, таълим муассасалари директорлари ҳамда ёшлар масалалари бўйича масъуллар иштирок этиб, ёшларни иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига йўналтириш, касбга қайта тайёрлаш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Маълумотларга кўра, жорий йилда туманда 451 нафар ёш олий таълим муассасаларини битирган. Шундан 204 нафари доимий иш ўрнига жойлаштирилган, 33 нафари якка тартибда тадбиркорлик (ЯТТ), масъулияти чекланган жамиятлар (МЧЖ) ёки бошқа ўзини ўзи банд қилиш йўналишларида фаолият юритмоқда. 10 нафар ёш меҳнат миграциясига кетган, 16 нафари ўқишни кейинги босқичда давом эттирмоқда, 15 нафари турмушга чиққан, 9 нафари эса бола парвариши билан банд.

Ҳозирги кунда 164 нафар битирувчи ёш ишсиз сифатида рўйхатга олинган. Йиғилишда айнан шу ёшларнинг ҳар бири бўйича манзилли ишлаш, уларнинг малакаси ва қизиқишларига мос бўш иш ўринларини таклиф этиш, касбга қайта ўқитиш ва "Ёшлар дафтари" ҳамда “Аёллар дафтари” тизимлари орқали қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Туман ҳокими Абдураҳим Умаров мутасаддиларга битирувчи ёшларнинг бандлиги масаласини назоратда тутиш, улар билан якка тартибда суҳбатлар ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш юзасидан топшириқлар берди.

– Битирувчи ёшлар — туманимиз келажаги. Улар ўз билим ва салоҳиятини амалда намоён этишлари учун ҳар биримиз масъулмиз, – деди Абдураҳим Умаров. – Ёшларни иш билан таъминлаш нафақат иқтисодий масала, балки ижтимоий барқарорлик ва келажак тараққиётининг муҳим омилидир.

Йиғилиш якунида сектор раҳбарлари, меҳнат бўлими ва таълим тизими масъулларига ҳар бир ишсиз битирувчи бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқиш, натижаларни ҳафталик кесимда таҳлил қилиб бориш вазифаси юклатилди.

Ғулом Примов, ЎзА