English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Битирувчи талабаларнинг 85 фоизи ўз мутахассислиги бўйича иш жойига эга
19:35 / 2022-06-23

"Раҳбар ва ёшлар" учрашуви доирасида Андижон вилояти маданият бошқармаси бошлиғи Марҳабохон Сатторова Андижон давлат университети Санъатшунослик факультети битирувчи талабалари билан учрашиб, мулоқот ўтказди.

Туман, шаҳар халқ таълими бўлимлари масъуллари, болалар мусиқа ва санъат мактаби директорлари, битирувчи талабалар иштирок этган тадбирда мамлакатимизда олий ўқув юртларини тамомлаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш, улар бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Жорий йилда Андижон давлат университетининг санъатшунослик факультетини 102 нафар талаба тамомлайди. Улар бандлигини таъминлаш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда.

Битирувчи талабалар бандлигини таъминлаш бўйича университет ҳамда вилоятдаги маданият ва таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, ёшларга яратиб берилган кенг имкониятлар самараси ўлароқ, битирувчи талабалар олган назарий билимларини мустаҳкамлаш мақсадида вилоятдаги маданият, таълим муассасаларида амалиёт ўтаб келмоқда. Уларнинг аксарияти ўқишни тамомлаганидан кейин ана шу муассасаларида иш фаолиятини давом эттириш бўйича таклифлар олган.

Университет санъатшунослик факультети декани Чаросхон Шокированинг маълум қилишича, факультет тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси, шунингдек, мусиқа таълими йўналишининг 85 фоиз битирувчиси ана шу тарзда ўз мутахассислиги бўйича иш жойига эга бўлган.

– Ўзим амалиёт ўтаган Избоскан туманидаги 26-умумтаълим мактаби раҳбарияти билан ишга кириш бўйича шартнома имзолаганман, – дейди Андижон давлат университети Мусиқий таълим йўналиши битирувчиси Соҳибжамол Мамасолиева. – Насиб этса, жорий йил 1 сентябрдан мактабда мусиқа ўқитувчиси бўлиб иш бошлайман.

Мулоқот давомида бошқарма бошлиғи битирувчиларнинг қизиқиш, таклиф, фикр ва мулоҳазаларини эшитди. Уларнинг ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлашиши юзасидан таклиф, тавсия ва маслаҳатлар, маданият муассасалари, мусиқа ҳамда санъат мактабларининг ишга қабул қилиш борасидаги имкониятлари ҳақида маълумот берди.

Учрашув давомида М.Сатторова битирувчи талабаларни қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА