Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Битирувчи – 2021: сўнгги қўнғироқ билимга чанқоқ, беғубор орзулар қанотидаги ёшларни катта ҳаётга кузатиб қўймоқда
14:37 / 2021-05-25

Бугун юртимизнинг барча ҳудудларидаги умумтаълим мактаблари ва академик лицейларида “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Бугун “Сўнгги қўнғироқ” меҳридарё устозлар, фарзанди камолини кўриб қувонаётган ота-оналар орзуларини рўёбга чиқариш учун жарангламоқда. У билимга чанқоқ, беғубор орзулар қанотидаги ёшларни катта ҳаётга кузатиб қўймоқда.  

Юраклари шодлик ва ҳаяжонга тўла, болаликнинг энг завқли кунларини ортда қолдириб, бир партада шўх ва шодон кунларни бирга кечирган синфдошлар, юксак орзуларга эга йигит-қизлар мустақил ҳаётга учирма бўлмоқда.

Ушбу тадбир Навоий вилоятидаги мавжуд 365 та таълим муассасасида карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилди. Маълумотларга кўра, якунланган ўқув йилида вилоятда умумтаълим мактабларини 12 941 нафар ўқувчи тамомламоқда.

Айтиш жоизки, якунланган ўқув йили навоийлик ўқувчилар учун омадли йил бўлди, десак муболаға эмас. Айни пайтгача битирувчилар орасидан 68 нафари муддатидан олдин юртимиз ва хорижий олий таълим муассасалари талабаси бўлди. Жумладан, Навоий шаҳридаги 11-айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактабнинг 22 нафар ўқувчиси аввалдан талаба бўлган бўлса, 16-умумтаълим мактабининг 7 нафар иқтидорли ўқувчиси AIMO Осиё халқаро математика олимпиадасида қатнашиш йўлланмасини қўлга киритди. 1-айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактабнинг “Амир Темур издошлари” жамоаси “Ёш гвардиячи” танлови республика босқичида фахрли биринчи ўринни эгаллади.  

Шунингдек, Кармана туманидаги 2-умумтаълим мактаби “Бир миллион дастурчи” лойиҳасида, Навоий шаҳридаги 11-айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаби эса “Энг китобхон мактаб” лойиҳасида ғолиб топилиб, “Спарк” автомашинасига эгалик қилди.

Вилоятда янги мактаблар қуриш, мавжудларини таъмирлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жорий йилда 168 ўқувчи ўринга мўлжалланган Президент мактаби қурилиши жадал суръатларда олиб борилмоқда. Бундан ташқари 8 та мактабда реконструкция, 4 та мактабда мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Бунинг учун қарийб 85 миллиард сўм маблағ сарфланиши режалаштирилган.

Тадбирларда Президентимизнинг битирувчиларга йўлланган табриги ўқиб эшиттирилди.  

Юртбошимизнинг “... янги Ўзбекистон шароитида, замонавий тараққиёт талаблари асосида таълим-тарбия олган ёш авлод вакиллари сифатида барчангиз давлатимиз, халқимиз томонидан яратилаётган имкониятларни қадрлаб, улардан янада самарали фойдаланасиз... Шу муносабат билан сизларга, бутун мамлакатимиз ёшларига мурожаат қилиб айтмоқчиман: ҳеч қачон унутманг, сизлар инсон ҳар томонлама эркин, озод ва фаровон яшайдиган янги Ўзбекистон, янги Ренессанс бунёдкорисизлар”, деган ишончи нафақат уларнинг қалбига муҳрланди, балки ҳар бир битирувчига масъулият ҳам юклади.

Тадбирлар сўнггида 2020-2021 ўқув йилида фан олимпиадалари, кўрик танлов ва спорт мусобақаларида иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаган ва ўзининг намунали ҳулқи билан бошқаларга ўрнак бўлган ўқувчилар ва ижодкор ўқитувчилар, бир гуруҳ ота-оналарга Халқ таълими вазирлиги, халқ таълими бошқармаси ва мактаб маъмуриятининг “Фахрий ёрлиқ” ва “Ташаккурнома”лари топширилди.

[gallery-2525]

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА