Фарғона вилоятидаги умумтаълим мактабларида ҳам “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари карантин талабларига тўлиқ амал қилинган ҳолда ташкил этилиб, байрам шукуҳи битирувчилар қалбига бир олам завқ-шавқ улашди.
Битирувчиларга қадрдон даргоҳ билан хайрлашиш қанчалик оғир бўлмасин мустақил ҳаёт остонасида катта мақсадлар ўзига чорлайди. Ватан шаънини улуғлаш, унга муносиб фарзанд бўлиш, танлаган касбининг етук мутахассиси бўлиб етишиш каби юксак масъулият ва эзгу даъват сўнгги қўнғироқ садосидек бир умрга қалбларда жаранглаб туради.
Фарғона шаҳридаги 10-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган байрам тадбири битирувчилар ҳаётида унутилмас кун сифатида муҳрланди. Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Президентимизнинг мактаб битирувчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Уларга эзгу тилакларини билдириб, катта ҳаётга қўяётган дастлабки қадамлари билан қутлади.
[gallery-2519]
– Ўқувчилик инсон ҳаётида такрорланмас бўлиб, муқаддас даргоҳда ўтган даврни бир умр унутмайди, – деди вилоят раҳбари. – Давлатимиз раҳбари илк бор сизларга табрик йўллади, самимий тилакларини билдирди. Бу ёшларга, келажак эгаларига бўлган юксак эътибор, ишончнинг ёрқин ифодасидир.
Мактаб ўқувчилари томонидан ижро этилган қўшиқлар болаликнинг беғубор дамларини ёдга солди. Битирувчилар билими, бор куч-шижоати билан юрт равнақига ҳисса қўшишга ҳаракат қилишга ваъда берди.
Шу каби байрам тадбирлари вилоятнинг барча ўқув даргоҳларида бўлиб ўтмоқда. Вилоят халқ таълими бошқармасидан олинган маълумотларга қараганда, жорий йилда 948 та умумтаълим мактабларининг 11-синфини 47 минг 514 нафар ўғил-қиз тамомламоқда. Эътиборлиси, ҳозирга қадар икки юз нафарга яқин ёш муддатидан олдин нуфузли олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.
М.Сулаймонов, М.Қодиров(сурат) ЎзА