Жиззах шаҳридаги “Умид” ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида битирувчилар, ота-оналар, жамоатчилик вакиллари иштирокида сўнгги қўнғироққа бағишлаб тантанли тадбир ўтказилди.
Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз мактабларини битирувчи ўғил-қизларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз тарихида илк бор битирувчи ёшларга йўллаган табригида билдирган ишонч ва эзгу тилаклари олқишлаб кутиб олинди.
Битирувчиларни Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг ўринбосари Иброҳим Жўраев табриклади.
Мактабда яратилган имкониятлардан самарали фойдаланаётган ёшлар ўзининг келажагини яратмоқда. Масалан, бугунги битирувчилардан бири Суннатилло Юсупов 70 та халқаро олий таълим муассасасига ҳужжат топшириб ҳозирга қадар 7 та хорижий олий таълим муассасаларига муддатдан олдин талабаликка қабул қилинди.
– Президентимизнинг битирувчиларга табригини тинглаб, табрикдаги барча эзгу тилаклар менинг ўғлимга аталгандек ҳаяжонландим, – дейди Суннатиллонинг онаси Зулфия Мусулмонова. – Давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имкониятлардан фойдаланиб, илм-фан сирларини иштиёқ билан ўрганаётган ёшлар орасида менинг ҳам фарзандим борлигидан фахрланаман. Ёшларни қўллаб-қувватлаётган мамлакатнинг келажаги албатта порлоқ бўлади.
[gallery-2528]
– Мен синф раҳбарлик қилган 11-синфни 26 нафар ўқувчи аъло ва яхши баҳоларга битириб, мустақил ҳаёт сари парвоз қилмоқда, – дейди она тили ўқитувчиси Муҳайё Каримова. – Президентимизнинг битирувчиларга табригида айтилганидек, “Ишончим комил янги Ўзбекистон шароитида, замонавий тараққиёт талаблари асосида таълим-тарбия олган ёш авлод вакиллари сифатида барчангиз давлатимиз, халқимиз томонидан яратилаётган имкониятларни қадрлаб, улардан янада самарали фойдаланасиз”. Биз ана шу эзгу ният билан таълим ва тарбия бердик. Ўқувчиларимиз келажакнинг ойдин йўлидан бориб, Президентимиз, халқимиз ва биз, устозларнинг ишончини оқлайди.
Бу йил Жиззах вилоятидаги 550 та умумий ўрта таълим мактабини 18 минг 872 нафар ёш битириб чиқаётир.
2020-2021 ўқув йили 11-синф битирувчиларнинг 114 нафари ILTS халқаро сертификатига эга бўлишди. Ҳозирда 9 нафар битирувчи муддатидан олдин хорижий олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинди.
2021-2022 ўқув йилида республика ва халқаро спорт мусобақаларида ғолибликни қўлга киритган 40 нафар битирувчи олий таълим муассасаларига имтиёзли равишда ўқишга киришга тавсия этилди.
2020 йилда ўқувчиларнинг таълим олишлари учун шароитларни янада яхшилаш мақсадида 24 та таълим муассасасида янги қурилиш, капитал ва мукаммал таъмирлаш ишларига 54 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. 2 та мактаб янгидан қуриб ишга туширилди. 22 та мактабда реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди. 149 та мактаб жорий таъмирдан чиқарилди.
Умумтаълим мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ишлари давом эттирилмоқда. 2021 йилнинг ўтган даврида инвестиция ва давлат дастурлари доирасида 13 та таълим муассасасида 127 миллиард сўмликдан ортиқ қурилиш, капитал ва мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди.
Бугун вилоятдаги барча умумтаълим мактабларда бўлиб ўтган сўнгги қўнғироқ тадбирларида давлатимиз ғамхўрлиги билан ёшларга замонавий таълим беришда амалга оширилаётган ишлар эътироф этилди.
Т.Бекназаров, Ж.Ёрбеков(сурат), ЎзА