Янги йил байрами арафасида Бишкек шаҳрида Қирғизистон миллий кутубхонасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, андижонлик таниқли адиб, олим, публицист ва таржимон Ҳабиб Сиддиқнинг қирғиз тилида чоп этилган “Америкалык коңшуларым” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон Ёзувчилар уюшмалари, Қирғизистон Миллий кутубхонаси, Бишкекдаги “Улуу тоолор” нашриёти ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда қирғизистонлик ва ўзбекистонлик шоир-ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, журналистлар, адабиёт ихлосмандлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Унда ўзбек ва қирғиз ижодкорлари ўртасидаги ҳамкорлик икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик ришталарини, адабий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганлиги таъкидланди.
Тадбирда сўз олган Қирғизистон халқ шоирлари Маркабой Ааматов, Акбар Рисқулов, Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият арбоблари Торабой Жораев, Бегижон Аҳмедов ва бошқалар китоб, унинг қирғиз тилига таржимаси ҳақида ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Тақдимот якунида Ҳабиб Сиддиқ ўзбек, қирғиз, рус ва қорақалпоқ тилларида чоп этилган китобларини Қирғизистон Миллий кутубхонаси фондига совға қилди. Шунингдек, ёзувчига Қирғизистон Миллий Ёзувчилар уюшмаси фахрий аъзолигига қабул қилинганлиги ҳақидаги гувоҳнома топширилди.
Ф. Убайдуллаев,
ЎзА мухбири