Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бишкекда ўтган сунъий интеллект бўйича форумнинг долзарблиги нимада?
20:08 / 2024-10-10

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида сунъий интеллект бўйича Туркий давлатлар форуми бўлиб ўтди. Анжуман доирасида, жумладан, давлат идоралари, бизнес, академик ҳамжамият ва ахборот саноати вакиллари иштирокида “Рақамли трансформацияда сунъий интеллектнинг ўрни” мавзусида сессия ташкил этилди.

Мунозарада туркий давлатларда рақамли трансформацияни жадаллаштириш учун сунъий интеллект технологиялари соҳасидаги илғор тажриба ҳақида маълумот берилди. Туркия Саноат ва технология вазирлигининг Европа Иттифоқи масалалари ва ташқи алоқалар бўлими бошлиғи Аҳмет Ҳалит Хатип соҳа ривожида минтақавий ва халқаро қўллаб-қувватлов муҳимлигини қайд этди.

Озарбайжон рақамли ривожланиш ва транспорт вазири маслаҳатчиси Фарид Осмонов инфратузилма муаммоси барча мамлакатларни ташвишга солаётгани, Боку бу йўналишда маълумот алмашишга тайёрлигини билдирди. Йиғилишда Ўзбекистон номидан қатнашган Рақамли технологиялар вазирлиги вакили Махсум Маҳмудов мамлакатимизда сунъий интеллект институти ташкил этилиши жараёни ҳақида гапириб, ҳуқуқий тартибга солиш масаласида халқаро ҳамкорлик зарурлигини таъкидлади.

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсалов форум якунида сўзга чиқиб, айни жараёнда миллий қадриятлар, тарих, тил, билим ва анъаналарни асраш зарурлигига эътибор қаратди.

Анжуман туркий давлатлар стартапларига ўз ишланмаларини халқаро аудитория ва инвесторларга намойиш этиш имконини ҳам берди.

Беҳруз Худойбердиев, ЎзА