Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бишкекда МДҲ давлатлари ХVII ёшлар Делфий ўйинлари бўлиб ўтмоқда
00:51 / 2023-10-09

Мусобақада Қирғизистон, Россия, Озарбайжон, Беларусь, Ўзбекистон ва Қозоғистондан 10 ёшдан 25 ёшгача бўлган ёшлар иштирок этмоқда.

 

В Бишкеке стартовали XVII молодежные Дельфийские игры стран СНГ

Бишкекдаги Тўқтўғул Сатилганов номли Қирғизистон миллий филармониясида Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар ХVII ёшлар Делфий ўйинлари бошланди. Бу ҳақда ҳамкоримиз “Кабар” хабар берди.

Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан Қирғиз Республикаси маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири Олтинбек Мақсутов Делфий ўйинлари МДҲ давлатлари ёшлари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашнинг ўзига хос платформаси сифатида мамлакатлар ўртасидаги яхши шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсалов Президент Садир Жапаровнинг анжуман иштирокчиларига йўллаган табрик мактубини ўқиб эшиттирди. Қутловда ХVII ёшлар Делфий ўйинлари Бишкек шаҳрида бўлиб ўтаётгани муносабати билан алоҳида қувонч, ифтихор туйғулари изҳор этилган.

Дастурга мувофиқ, Россия Федерациясининг Қирғизистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Николай Удовиченко Президент Владимир Путиннинг табрик мактубини ҳам ўқиб берди. Қайд этилишича, Россия етакчиси мусобақа МДҲ доирасида кенг эътирофга сазовор бўлгани бежиз эмаслигини билдирган.

– Ушбу кенг кўламли лойиҳа ёшларга санъатда ўз йўлини топиш, ижодий қобилиятини ривожлантириш, халқаро миқёсда маҳоратини намоён қилиш ва экспертлар олқишига сазовор бўлишда ёрдам беради, – дейилади Путиннинг мактубида.

Расмий қисмдан сўнг МДҲга аъзо давлатлар ХVII ёшлар Делфий ўйинлари очилиш маросими муҳташам концерт дастури билан давом этди.

Беҳруз Худойбердиев тайёрлади.

ЎзА