Бишкек шаҳрида “Қирғизистон ва Ўзбекистон – кенг қамровли стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Унда Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти директори Умид Обидхўжаев иштирок этди.
МҲТИ директори ўз нутқида туризм, фан, таълим ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда икки мамлакатнинг ўзаро ҳамкорлигига оид масалалар ҳақида тўхталди.
Қайд этилганидек, тиббий туризмни ривожлантириш истиқболли йўналишлардан биридир. Ўзбекистон ва Қирғизистон аҳолиси орасида нафас олиш ва овқат ҳазм қилиш тизими органлари касалликлари кўп учраши ҳамда ҳар икки республикада саломатликни мустаҳкамлашда ёрдам берувчи ноёб табиий ресурсларга эга ҳудудлар мавжуд.
Қирғизистондаги Иссиқкўл яқинида нафас олиш йўлларига ижобий таъсир кўрсатадиган спелеотерапия учун фойдаланиладиган Карст ғорлари бор. Бундан ташқари, терапевтик лой билан даволаш ичак моторикасини яхшилаш ва яллиғланиш жараёнларини бартараф этишда ёрдам беради.
Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг Зомин ва Оқтош туманлари нафас йўллари касалликларини даволашга ихтисослашган бўлса, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари ошқозон-ичак касалликларини даволовчи сув манбаларига эга.
Хорижий беморларнинг тиббий хизматлардан фойдаланиш учун келиши маҳаллий тиббиёт муассасалари ва мутахассислари учун нафақат даромад манбаи, балки ёрдамчи тармоқлар, хусусан, меҳмонхона бизнеси, ресторан, транспорт ва бошқа хизматлар учун ҳам қўшимча имкониятлар яратади.
МҲТИ директори ушбу имкониятларни инобатга олиб, тиббий туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратган ҳолда махсус ҳудудий мастер режаларни ишлаб чиқишни таклиф қилди.
Анжуман якунида икки томон иштирокчилари тиббий туризмни ривожлантириш бўйича ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА