Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Биржада илк бор “Яшил энергия” сертификатлари сотила бошланди
13:16 / 2024-02-16

Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасининг Яшил энергетика секциясида илк бор “Яшил энергия” сертификатлари сотила бошланди. Бу ҳақда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ахборот хизмати маълум қилди.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ биржа савдоларида мазкур сертификатларнинг сотувчиси сифатида иштирок этмоқда. Хусусан, сотувчи томонидан биржада сертификатлар учун стандарт биржа шартномаси очилган. Бир дона “Яшил энергия” сертификати қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда 1000 кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилганини тасдиқлайди.

Ўтказилган биржа савдолари натижаларига кўра, биржа орқали 26,7 миллион сўмлик дастлабки 2 мингта сертификат сотилди. Сертификат бўйича биржада шаклланган дастлабки биржа котировкаси бир дона сертификат учун 13 360,0 сўмни ташкил қилди. 

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ ахборот хизмати раҳбари Равшан Бойқуловнинг сўзига кўра, “Яшил энергия” сертификатларини биржа савдолари орқали сотилиши қайта тикланувчи энергия лойиҳаларини амалга ошириш учун қўшимча молиялаштириш манбаларини шакллантиришга имкон беради. Шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар маҳсулотларини Европа ва бошқа ривожланган давлатлар бозорларига экспорт қилишда имтиёзлардан фойдаланишга кенг йўл очади. 

–Президентимизнинг 2023 йил 12 майдаги қарорига мувофиқ, юртимизда “Яшил энергия” сертификатлари тизими жорий этилган эди. Ушбу сертификат қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқарилганини тасдиқловчи электрон ҳужжат ҳисобланади. Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси савдоларида “Яшил энергия” сертификатларини сотишга мўлжалланган алоҳида “яшил энергетика секцияси” ташкил қилинган. Бунда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мазкур тизимнинг тартибга солувчи масъул орган (emitent) сифатида Халқаро қайта тикланувчи энергия манбаларини сертификатлаш ташкилоти (I-REC) аккредитациясидан ўтган. Юртимизда фаолият юритаётган “UZBAT” АЖ қўшма корхонаси биржа савдолари орқали “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг 2 минг дона “Яшил энергия” сертификатларини харид қилди, – деди Р.Бойқулов. 

Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, сертификатлар бўйича ўтказилаётган биржа савдоларида харидор сифатида якка тартибдаги тадбиркорлар, маҳаллий корхоналар ёки хорижий компаниялар эркин иштирок этиши мумкин.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА