Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси томонидан тақдим этилган жорий йилнинг 9 ойлик якунларига кўра, биржада 75,2 мингта янги мижозлар рўйхатдан ўтказилган. Бу эса ўтган йилга нисбатан икки маротабага кўпдир.
Шунингдек, бугунги кунда биржанинг барча савдо платформаларида фаолият юритаётган мижозларнинг умумий сони 200 минг нафардан ошган.
Бу каби мижозлар сонининг ортишини сотилаётган маҳсулотлар ҳажмининг ўсишида ҳам кузатиш мумкин. Жумладан, 2022 йил январь-сентябрь ойларида биржа савдолари орқали 7,6 триллион сўмлик юқори ликвидли бўлмаган бошқа турдаги маҳсулотлар сотилиши ва бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан бир ярим баробарга кўпни ташкил этгани яққол мисол бўлади.
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақида сўз борди.
Унда “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Зулфиддин Камолов мамлакатимизда биржа савдолари ва электрон тижорат соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ва истиқболлари таҳлилига эътибор қаратди.
– Жорий йилнинг тўққиз ойи якунлари бўйича Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси тизимларида кўплаб ишлар амалга оширилди. Хабарларингиз бор, бу йил июнь-июль ойларидан ун ва буғдой маҳсулотлари биржа савдолари орқали сотила бошланди. Бу бозор механизмларини қишлоқ хўжалиги соҳасига кириб келаётганидан далолатдир. Бу жараёнда ўтган тўрт ойни оладиган бўлсак, бозорда барқарор нархлар шаклланди. Бундан ташқари, цемент, суюлтирилган газ, нефть, шакар, ун ва буғдой маҳсулотлари бўйича барқарор нархлар шаклланганини кўрсатди. Биржа савдоларида мажбурий ва ихтиёрий сотиладиган товарлар бор. Ҳозирги кунда тўққиз ой нажижаларини кўрадиган бўлсак, 7,6 триллион сўмлик юқори ликвидли бўлмаган товарлар сотилди. Бундан айтиш мумкинки, тадбиркорларнинг бозор тамойилларига асосланган замонавий ва шаффоф савдо турларига бўлган қизиқишлари ортиб бораётганлигидан далолат беради. Сотувчилар ўртасида рақобатнинг кучайиши ҳамда бозорларда таклиф даражасини ошиши маҳсулотлар учун ички нархларнинг барқарорлашувига хизмат қилмоқда, – деди З.Камолов.
Тадбирда қайд этилганидек, жорий йилнинг ўтган даврида цементнинг барча маркалари бўйича биржада шаклланган ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 606,0 минг сўмдан 589,9 минг сўмгача, яъни 3 фоизга пасайган. 2022 йилнинг июль-сентябрь ойларида суюлтирилган газнинг биржадаги нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 10 056,8 минг сўмдан 4 090,2 минг сўмгача, яъни қарийб 2,5 маротабага тушган. Июнь-сентябрь ойларида шакарнинг биржадаги нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 14 554,5 минг сўмдан 11 801,6 минг сўмгача, яъни 19 фоизга арзонлашган. Шунингдек, сўнгги икки ой мобайнида биржа котировкалари техник олтингугурт бўйича 60 фоизга, поливинилхлорид 19 фоизга, нефть ва газ конденсати 17 фоизга, мис 16 фоизга, буғдой 15 фоизга ва олтин 6 фоизга пасайган. Шунингдек, биржа савдоларига синтетик дизель ёқилғиси, нафта, нефть кокси, суюқ минерал ўғитлар, барда, металл прокат лист, каустик сода, суюқ углерод оксиди, техник кислород каби янги маҳсулотлари ҳам сотувчи корхоналар томонидан очиқ биржа савдоларига қўйиб келинмоқда.
– Кейинги тўрт йил ичида биржа фаолиятига алоҳида эътибор қаратилиб, бешта Президент қарори ва иккита ҳукумат қарори қабул қилинди, – деди акциядорлик жамияти бош маклери Исломбек Ибрагимов. – Бугунги кунда ушбу қарорлар ижроси биржа фаолиятини такомиллаштириш ва замонавий ахборот коммуникацияси технологияларини жорий этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, ўтган тўққиз ой мобайнида биржа савдоларида хусусий сектор иштирокчилар сони 4 минг 500 тага етказилди ва улар томонидан салкам 4 триллион сўмлик 304 та турдаги маҳсулотлар сотилишига эришилди. Бундан ташқари, ушбу тадбиркорлик субъектлари биржа орқали маҳсулотларини сотиши, бозор нархларида аукцион тартибда шаклланиши ҳисобига сотувчилар томонидан юқори қўшимча даромад олинди. Айтиб ўтиш керакки, кейинги пайтда монопол ва юқори ликвидли бўлмаган товарларни жалб қилиш имкони яратилди. Масалан, “Uzbekistan GTL” заводи ишлаб чиқарилаётган синтетик дизель ёқилғиси, синтетик нафта каби маҳсулотлар биржа орқали сотилмоқда.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналар билан биргаликда 8 та янги хорижий савдо майдончаларини очди. Хусусан, биржанинг савдо майдончалари Польша, Туркия ва Озарбайжон каби мамлакатларда ҳам ўз фаолиятларини бошлади. Қозоғистон Республикасида эса илк бор биржанинг ваколатхонаси очилди. Хорижий савдо майдончаларнинг фаоллашуви натижасида 2022 йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида 600 дан зиёд янги норезидент мижозлар аккредитациядан ўтказилди ҳамда 347,0 миллион долларлик ташқи савдо битимлари тузилди.
Анжуманда электрон тижорат соҳаларидаги янгиликлар ҳақида ҳам сўз юритилди. Унга кўра, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси давлат харидлари бўйича xarid.uzex.uz электрон тизимининг оператори сифатида ўз фаолиятини давом эттириб келмоқда.
– Жорий йилнинг 9 ойида давлат харидлари бўйича биржанинг электрон савдо тизими xarid.uzex.uz да тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 3,7 маротабага ошиб, 24,3 триллион сўмни ташкил қилди. Бунда бюджет ва корпоратив буюртмачилари маблағларининг тежалиши 3,4 маротабага ўсиб, 3,8 триллион сўмга тенг. Шунингдек, биржанинг давлат харидлари бўйича электрон савдо тизимларида буюртмачи ва етказиб берувчилар учун қўшимча қулайликлар яратилди. Хусусан, биржанинг etender.uzex.uz электрон савдо тизимида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга нисбатан 15 фоиз миқдорида преференция қўлланилиши йўлга қўйилди. Мазкур тизимда давлат харидлари бўйича тузилган шартномаларга қўшимча келишув тузиш имконияти ҳам яратилди. Бундан ташқари, юк ташиш соҳасида шаффофликни таъминлаш ва соғлом рақобатни ривожлантириш мақсадида биржанинг e-logistika.uzex.uz электрон логистика савдо портали савдолар давом эттирилмоқда. Жорий йил бошидан буён мазкур порталда 8,4 миллиард сўмлик 5,1 мингдан зиёд шартномалар тузилди, – деди “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси маслаҳатчиси Мансур Тўйчиев.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА