Халқимиз учун эзгулик, меҳр-мурувват, саховат, олижаноблик ва шукроналик тимсоли бўлган муборак Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва юқори савияда ўтказиш, диний-маърифий, маданий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш миллатимизга хос эзгу фазилат, азалий қадриятдир.
Президентимизнинг жорий йил 21 мартдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида Жиззах вилоятида ҳам бир қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоят шаҳар ва туманларидаги қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсон қадрини улуғлаш, меҳр-саховат каби фазилатларни намоён этадиган, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизни қадрлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Муқаддас Рамазон ойи муносабати билан Жиззах вилоятидаги кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар учун “Бир мусулмоннинг оғирини енгил қилиш – бизга ҳам қарз, ҳам фарз!” эзгу ғояси остида қишлоқ ва маҳаллаларда ифторликлар ташкил этилмоқда. Хайру саховатли мўмин мусулмон биродарларимиз бу ойда бошқа ойларга нисбатан мўлроқ раҳмат ёғилиши ва теварак-атрофга сочилган файзу-барокат нуридан баҳраманд бўлишга интилиб яшайди. Бу йилги Рамазонда вилоят маҳаллаларидаги кам таъминланганлар учун ташкил этилаётган ифторликлар ана шундай гўзал ойни янада файзли, тароватли ўтказишга хизмат қилмоқда.

Айни кунларда секторлар раҳбарлари, имом хатиблар жойларда ифторлик ташкил этиб, ҳикматли сабр ойида меҳр-мурувват ва саховат каби юксак фазилатларни кенг намоён этмоқда, ётиб қолган, кекса нуронийлар, беморлар ҳолидан хабар олмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Жиззах вилояти бўлим бошқаруви томонидан Бахмал туманидаги “Оқтош” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи кам таъминланган, эҳтиёжманд, ётиб қолган беморлар, нуроний отахон ва онахонлар ҳолидан хабар олиниб, ишга лаёқатли ногиронларга ўзини ўзи банд қилиш мақсадида тикув машинкаси, зарурмандларга кийим-бош ҳамда эҳтиёжмандларга 17 турдаги озиқ-оқват маҳсулотлари туҳфа этилди.
Маҳалла марказида ёзилган ифторлик дастурхони атрофига жам бўлганлар, Ватанимизга тинчлик, жойларда амалга оширилаётган улкан ислоҳотларга бардавомлик, ҳар бир хонадонга файзу барокат тилаб, дуолар қилинди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган беқиёс ўзгаришлар, халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлида кўрсатилаётган ғамхўрликлар, жойларда кенг қулоч ёзаётган миллий қадрият ва анъаналаримизнинг ёш авлод тарбиясидаги ўрни сингари мавзуларда дилдан суҳбатлашилди.

Бахмал тумани Ўсмат шаҳарча фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимояга мухтож, ногирон, кам таъминланган оилалар вакилларидан 350 нафар фуқарога ҳам “Наврўза” тўйхонасида туман ҳокимлиги, cектор раҳбарлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан худди шундай ифторлик ташкил этилди.
Шу каби хайр-саховат тадбирлари вилоятнинг барча қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида ташкил этилмоқда.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА