Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Биродарлик қабристонида ўзбекистонлик жангчилар хотираси ёд этилган
11:04 / 2025-09-22

Россия ва Беларусь шаҳарлари бўйлаб ўтказилаётган “Ғалаба йўллари” халқаро медиа турида қатнашаётган МДҲ мамлакатлари ахборот агентликлари журналистлари Санкт-Петрбург шаҳридаги Пискарёв мемориал қабристонини зиёрат қилиб, она Ватан ёдгорлиги пойига гуллар қўйдилар.

26 гектар майдонни эгаллаган мажмуадаги 186 та оммавий қабрда  1941 йил 8 сентябрдан 1944 йил 27 январгача  давом этган 900 кунлик Ленинград қамали чоғида ҳалок бўлган 420 минг нафар шаҳар аҳолиси ва 70 минг нафар уруш қатнашчиси дафн этилган.

—Гитлерчи фашистлар Ленинградни қамал қилиб, аҳолини очлик ва тинимсиз бомбардимон натижасида қириб юборишни ҳамда шаҳарни эгаллашни режалаштирганди, —дейди Пискарёв мемориал мажмуаси бўлим бошлиғи Анна Загребнова. —Аммо шаҳар аҳолисининг ўрнатилган озиқ-овқат нормасига қатъий риоя этгани, мудофаани таъминлаш учун туну кун фидокорона меҳнат қилгани ва,албатта, собиқ совет қўшинларининг жасорати туфайли Ленинград 900 кунлик қамалда гарчи минглаб қурбонлар берган бўлса ҳам фашистларга таслим бўлмади.

[gallery-25391]

Қамал вақтида Ладога кўли орқали шаҳар аҳолисига озиқ-овқат етказиб турилган. Лекин 1941 йилда қиш қаттиқ совуқлар билан кечиб, кўл музлаган ва кемалар юролмай қолган. Ана шунда муз устидан йўл сифатида фойдаланилган ва бу йўлни “ҳаёт йўли” ҳам деб аташади.

Маълумотларга кўра, Ленинград қамали пайтида ҳалок бўлганлар 96 фоизининг ўлимига очлик сабаб бўлган.

Озиқ-овқат таъминоти оғир бўлгани сабабли 1941 йил ноябрь ойида ҳар бир киши учун овқат, асосан нон рациони кунига 250 граммни ташкил этган бўлса, кейинчалик 125 граммга туширилган. Лекин шунда ҳам ноннинг 60 фози ун бўлган, холос.

Мажмуадаги музейда қамал пайтида ўрнатилган тартибга кўра аҳолига берилган 125 граммлик нон бўлаги намунаси қўйилган. Ана шу бир бурда нон Ленинград шаҳри қамали ва уруш ҳақида кўп нарсаларни ойдинлаштиради.

Мажмуада она Ватан монументи билан бирга шаҳар қамали ва,умуман, уруш чоғида мардлик ва жасорат кўрсатиб вафот этган собиқ иттифоқ давлатлари фуқаролари, турли соҳалар вакиллари хотирасига 120 та ёдгорлик лавҳаси ўрнатилган. Жумладан,   Ўзбекистон ҳукумати ва халқи номидан қаҳрамон шаҳар мудофаасида қатнашган ўзбекистонлик жанчилар хотираси учун ёдгорлик лавҳаси бор.

Бу масканга ҳар куни минглаб инсонлар, нуфузли делегациялар келади ва улар қаҳрамон шаҳар аҳолиси ҳамда фашистларга қарши курашда жонини фидо қилган инсонлар хотирасини ёд этишади.

Ғолиб Ҳасанов, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА мухбирлари

Россия Федерацияси Санкт-Петербург шаҳри.