Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Бирлашган Араб Амирликлари Халқаро маданий дипломатия институти бошқаруви раиси ва асосчиси Муҳаммад Али ал-Муайнийни қабул қилди.
Мулоқотда Бухоро ва Шаржа шаҳарлари ўртасидаги биродарлашув билан боғлиқ масалалар юзасидан фикрлашиб олинди. Бу туризм, инновация, иқтисодиётга хорижий сармояни жалб этиш каби йўналишларни янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Шунингдек, ҳар икки шаҳардаги олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари ҳақида сўз борди.
Муҳаммад Али ал-Муайний Бухорога ташрифи таассуротлари билан ҳам ўртоқлашди.
–Бухоро ҳақида кўп ўқиганман, эшитганман, – деди Муҳаммад Али ал-Муайний. – Бугун уни кўриш, унинг жаҳон тамаддунига катта ҳисса қўшган буюк мутафаккирлари зиёратгоҳларида бўлиш бахтига муяссар бўлганимдан мамнунман. Кўрганларим ўқиган ва эшитганларимдан ҳам аъло. Қадимий шаҳарнинг бетакрор қиёфаси, меъморий обидалари, халқингизнинг бебаҳо урф-одатлари менда катта таассурот қолдирди. Ҳамкорлик алоқаларимизни фаоллаштириш орқали бу ерга яна келишдан умидворман.
Шаржа амирлиги аҳолисининг сони ва майдони жиҳатидан БАА да учинчи ўринда туради. Бу ерда бир неча иқтисодий зона ва ўттизга яқин саноат ҳудуди мавжуд. Олий таълим муассасалари сони эса йигирмадан зиёддир.
Маълумот учун, Бухоро шу кунга қадар дунёнинг Кордова (Испания), Санта-Фе (АҚШ), Бонн (Германия), Рюэй-Мальмезон (Франция), Малатия (Туркия) каби қатор шаҳарлари билан биродарлашган. Энди улар сафига Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржаси ҳам қўшилиши кутилмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА