French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Биродар шаҳарлараро туризм: гастродипломатия тажрибаси
15:29 / 2025-09-19

Гастродипломатия қандай йўналиш? Таомлар ҳам дипломатия воситаси бўла оладими? Миллий ошхоналар халқларни қандай яқинлаштиради?

Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитасида “Биродар шаҳарлараро туризм: гастродипломатия тажрибаси” мавзусидаги давра суҳбатида ушбу саволлар юзасидан батафсил тушунчалар берилди.

Тадбир Биродар шаҳарлар альянси, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси, Ўзбекистон – Чехия дўстлик жамияти ва Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирнинг  мақсади ҳудудлараро ва биродар шаҳарлар ўртасида туризмни ривожлантириш, миллий ошпазлик анъаналарини халқаро майдонга олиб чиқиш, гастродипломатияни дўстлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашнинг самарали воситаси сифатида илгари суришдан иборат бўлди.  

Гастродипломатия – мамлакатнинг миллий таомлари, ошхонаси ва овқатланиш маданияти орқали ўз маданиятини дунёга танитиш ва шу йўл билан халқаро муносабатларни мустаҳкамлаш жараёни. Мамлакатлар бу борада ўз миллий таомларини фестиваллар, халқаро кўргазмаларда намойиш этади,  чет элда миллий ошхоналар очиб,  шу орқали  маданий таъсирини кучайтиради. Яъни гастродипломатияни оддий қилиб,  “таом орқали дўстлик кўпригини қуриш” дея таърифлаш мумкин.

Тадбирда иштирокчилар биродар шаҳарлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги йўналишлари, туризм орқали халқлар ўртасидаги маданий алмашинувни кучайтириш, миллий таомларимизни хорижда тарғиб этиш, шунингдек, ошпазлик санъати орқали “халқ дипломатияси”ни ривожлантириш имкониятларини муҳокама қилди.

Шунингдек,  гастротуризм дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ёш ошпазлар ва мутахассислар учун халқаро ўқув-амалий дастурларни йўлга қўйиш, Ўзбекистоннинг миллий ошхонасини хорижда кенг тарғиб қилиш, биродар шаҳарлар ўртасида қўшма гастрономик фестиваль ва кўргазмаларни ўтказиш, барқарор туризм ва экологик муҳофазани қўллаб-қувватлаш орқали замонавий ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Мутахассислар гастродипломатия халқаро дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, миллий маданиятни тарғиб этиш ва туризмни барқарор ривожлантиришнинг долзарб йўналиши эканини таъкидлади.  

Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси вакиллари миллий таомларимизнинг бой тарихи ва хилма-хиллигини алоҳида қайд этиб, уларни хорижий мамлакатларда оммалаштириш орқали мамлакатимизнинг туристик жозибасини ошириш мумкинлигини билдирди.

Тадбир якунида томонлар ўртасида англашув меморандумлари имзоланди. Ушбу ҳужжатлар келгусида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, гастротуризм дастурларини йўлга қўйиш ҳамда ҳудудлараро маданий ва иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун муҳим қадам бўлади.

Нигора Раҳмонова, ЎзА