Бирлик ва ҳамжиҳатлик коронавирусни енгади
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида “Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва ишонамизки бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади” деди.
Президентимиз 18 март куни маҳалла ва оила масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишининг дебочасида коронавирус муаммоси хусусида алоҳида тўхталиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида “Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва ишонамизки бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади” деди.
Президентимиз, барча ўзбекистонликларга мурожаат қилиб: “Яна бир муҳим масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Ҳозирги вазиятда айрим масъулиятсиз, ҳақиқий ҳолатдан бехабар ва ўзини “пиар қилиш”ни яхши кўрадиган одамлар турли миш-миш ва уйдирмаларни тарқатишга уринади. Шу муносабат билан жамоатчилигимиздан илтимос қиламан: саросима ёки ваҳима кайфиятига берилмаслик керак. Матбуот ва ижтимоий тармоқларда нотўғри, асосланмаган маълумотларни тарқатишга йўл қўймаслигимиз зарур. Бу масалани ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам алоҳида назоратга олиши лозим” дея таъкидлади.
Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан вилоят миқёсида ҳам короновирус касаллигини олдини олиш бўйича кескин чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бу борадаги барча масалаларни мувофиқлаштириш бўйича вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳузурида 24/7 (кечаю-кундуз) режимида фаолият кўрсатадиган ҳудудий мувофиқлаштириш штаби ташкил этилди.
Бундан ташқари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси қошида 24/7 режимида ишлайдиган “Call center” фаолияти йўлга қўйилди. (67) 226-10-03 телефони орқали барча маълумотларни олишингиз мумкин.
Бугун вилоятда короновирус инфекциясини четдан кириб келиши ва тарқатилишини олдини олиш масалаларини чуқур тушунадиган, ушбу йўналишда хорижий тажрибани ўрганган малакали ва тажрибали мутахассисларимиз мавжуд ва улар профилактика тадбирларида фаол қатнашмоқда.
Айнан профилактика тадбирларини тизимли амалга ошириш мақсадида вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик марказида касаллик тарқалишини олдини олиш бўйича дезинфекция, индивидуал ҳимоя воситалари ва дори-дармонлар захираси ўз вақтида шакллантирилди.
16-17 март кунлари вилоятдаги 2 та олий таълим муассасасида бошқа вилоятлардан келиб таҳсил олаётган талабалар соғ-омон манзилларига етиб боришди, уларга ҳукуматимиз томонидан зарур ёрдамлар кўрсатилди.
Ҳурматли вилоятимиз фуқаролари! Коронавирус туфайли мамлакатимизда эълон қилинган карантин ҳолати аслида сизу-бизнинг, фарзандларимизнинг саломатлигини муҳофаза қилиш учун жорий этилди.
Таҳликага, ваҳимага асло асос йўқ. Мамлакатимизда касаллик манбаини жиловлаш, касаллик юқиш йўлларини бартараф қилиш бўйича зарур захиралар шакллантирилган.
Хитой ва Корея тажрибаси қатъий интизом ва ўзаро ишонч орқалигина вирусни қисқа муддатларда енгиш мумкинлигини исботлади.
Эътибор беринг, 17 март ҳолатига дунё бўйича коронавирус инфекцияси аниқланган 80 минг нафар фуқаролар бутунлай соғайган.
Шунинг учун, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган турли асоссиз хабарларга ишонмасдан, фақат ва фақат расмий ахборотлар ва мутахассисларнинг тавсияларига қатъий риоя этишингизни илтимос қиламиз.
Отабек НОСИРОВ,
Сирдарё вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати,
ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий
ишлар бўйича ўринбосари