French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бирлашган Қиролликда ҳам ўқиб, ҳам сабоқ бераётган ўзбек аёли ҳақида
14:25 / 2023-08-12

“Онам болалигимдан мени билим олиш, изланиш, кўп ўқиб, қайси соҳада бўлса-да, касб устаси, яхши мутахассис бўлиб етишишга ундарди. Қиз болага бўлаверади, дема, дунёнинг нуфузли университетларида таҳсил олиш, ривожланган давлатларда тажриба орттиришни мақсад қил, дея доимо менга куч, рағбат берар эди. Айнан шундай муносабат орзуларимни рўёбга чиқаришда менга қанот бағишлади. Мана, онам хоҳлаганидек, кўп нарсага эришдим, жаҳоннинг машҳур университетида ўқиш, ишлаш насиб этди. Афсуски, чет тилини ўрганишим учун елиб-югурган, камолимни сўраб дуолар қилган, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган онажоним муваффақиятларимни кўра олмади.”

Бу самарқандлик Муқаддас Бўтабоеванинг кечинмалари. У ҳозир Буюк Британиянинг “Reading” университетида Aмалий тилшунослик бўйича магистратура босқичида таҳсил оляпти.

Олис қишлоқда туғилиб-ўсган оддий қизнинг ривожланган давлат нуфузли олийгоҳида таълим олиши, хориж мактабида инглиз тилидан дарс бериши катта гап. Аслида, ҳеч бир муваффақиятга машаққатсиз эришиб бўлмайди. Тинимсиз меҳнат, изланиш меваси бу.

– Болалигимда қишлоқдаги қўшни ўғил-қизлар билан ўқитувчи, ўқувчи бўлиб, ўйин ўйнардик, мен устоз бўлардим, – дейди Муқаддас Бўтабоева. – Вояга етганим сайин болаликдаги орзу мақсадга айланди. Ниятни амалга ошириш осон эмаслигини, бунинг учун тинимсиз меҳнат қилиш, ўқиш, ўз устимда тун-кун ишлашимз лозимлигини билар эдим. Шу боис мактабдан ташқари қўшимча курсга қатнадим ва 2007 йил Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига қабул қилиндим. Бу олий ўқув юртини имтиёзли диплом билан тугатиб, дастлаб мактабда, кейинчалик академик лицейда инглиз тили ўқитувчиси сифатида тажриба орттирдим. Таълим тизимида ўн йилдан кўп ишладим. Шундан кейин илмий изланиш олиб бориш истаги пайдо бўлди менда. Ўша пайт “Эл-юрт умиди” жамғармасининг 2022 йил учун биринчи очиқ танлови эълон қилингани тўғрисидаги хабарни ўқиб қолдим. Ушбу танлов ёшликдаги орзумни амалга ошириш учун айни муддао эди. Тақдирни қаранг-ки, уч босқичли синовдан муваффақиятли ўтдим ва “Riding” университети “Applied Linguistics” (Амалий тилшунослик) йўналиши магистратурасида таҳсил олишим учун жамғарма томонидан барча харажатлар тўлаб бериладиган бўлди.

Муқаддас бир йил давомида таҳсил олиш баробарида ўқитиш соҳасида ҳам кўп изланди, профессорлардан билим олди. Университет кутубхонаси унинг иккинчи уйига айланди. Дарсда тинглаган маърузаси ёрдамида, устозлар кўрсатмаси билан Ўзбекистонда бошлаган илмий ишини давр билан ҳамнафас йўналишдаги мавзу асосида олиб боришга қарор қилди.

Сир эмас, шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги кунда нафақат ёшлар, балки катта ёшлилар ҳам кўп вақтини ижтимоий тармоқда ўтказамоқда. Интернетдаги айрим маҳсулотлар инсоннинг онги, дунёқарашини ўстирса, бошқалари кишига салбий таъсир ўтказиши бор гап.

Муқаддас магистрлик диссертацияси орқали айнан ижтимоий тармоқдан тўғри фойдаланиш зарурлиги, тармоқлар нафақат ижтимоий мулоқот майдони, балки таълим олиш, айниқса, тил ўрганиш учун муҳим восита бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини тадқиқ, татбиқ қилмоқда.

Унинг тадқиқот мавзуси – “Ўзбекистон ёшлари хорижий тилни ўрганиши жараёнида ижтимоий тармоқдаги таълимга асосланган саҳифаларнинг аҳамияти”. Тадқиқот жараёнида ёшларимизнинг маълум гуруҳи танлаб олиниб, айнан тил ўргатишга асосланган ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали уларнинг тил ўрганишини кузатув асосида илмий таҳлил қилиняпти.

– Тўғри мақсадда, аниқ йўналиш асосида фойдалансак, ижтимоий тармоқ биз учун илм олиш, тил ўрганиш воситасидир, – дейди Муқаддас. – Тадқиқот бошланган куни ўтказилган тест ва якуний тест натижасига қараб, иштирокчиларнинг 86 фоизида юқори, 9 фоизида ўртача ўсиш кузатилганини кўрдик. Шунингдек, ёшларнинг аксарияти дастлаб ижтимоий тармоқда турли мавзуга оид маҳсулотларни тартибсиз ҳолатда кузатган бўлса, якунда улар кўпроқ таълимга асосланган саҳифаларни кузата бошлаган ҳамда эндиликда тармоқда кўпроқ вақтини шундай саҳифалар учун ажратаётганини тасдиқлашди. Демак, ёшларга ижтимоий тармоқни тўлиқ ва аниқ тарғибот қилиш, уларга тавсия ва раҳбат бериш орқали бугунги кунда “оммавий маданият” “тарғиботчиси”га айланиб бораётган ижтимоий тармоқни таълим берувчи, тил ўргатувчи самарали воситага айлантириш мумкин.

Муқаддас университетда таҳсил олиш, илмий тадқиқот олиб бориш билан бирга турли семинар, тренинг, тадбирларда фаол иштирок этади. Жумладан, Британия Кенгаши билан ўзаро ташаббус асосида 2021-2025 йилларга мўлжалланган “The Future of English” (Инглиз тили келажаги) форуми ташкил этишда кўнгилли (волонтёр) сифатида қатнашди. Ушбу дастур келгуси ўн йилликларда инглиз тилининг ролини чуқур таҳлил қилиш ва дунё олимлари билан бўлишиш имконини беради.

Бундан ташқари университет томонидан тажриба орттириш мақсадида ташкил этилган “Талабалар мактабда” (Students in school) лойиҳасида кўнгилли ўқитувчи ёрдамчиси (Teacher assissant) сифатида иштирок этиб, Буюк Британиянинг бошланғич мактабларидаги таълим тизими, таълимни ташкил этиш ишлари билан яқиндан танишишга муваффақ бўлди. Мазкур лойиҳа якунида ҳамюртимиз университет ректори томонидан тақдирланди.

Ҳозир Муқаддас Буюк Британия бошланғич мактабида машғулот етакчиси (“Activity Leader”). У дарсдан бўш вақтидани меҳнат фаолияти орқали жуда кўп янги билим оляпти, болалар билан ишлаш тажрибасини орттиряпти, замонавий методикани ўрганмоқда. Келажакда Ўзбекистонга қайтиб, ўрганган барча билими, тажрибасини амалда татбиқ қилишни мақсад қилган.

Муқаддаснинг сўзларига кўра, бугунги кунда “Riding” университети амалий тилшунослик кафедраси профессорлари ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Инглиз тили 1 факультети тилни интеграллашган ҳолда ўқитиш кафедраси профессор-ўқитувчилари ўртасида алоқа ўрнатилган. Ушбу ҳамкорлик доирасида ҳар ой муайян илмий мавзу доирасида онлайн вебинар ташкил этилади. Бундай тадбирларда инглиз профессорлари тилшуносликдаги энг долзарб мавзулар бўйича ўзбек профессор-ўқитувчиларига тақдимот намойиш қилиб беришади.

– Бугун мендан бахтли, омадли ўзбек аёли бўлмаса керак, дейди Муқаддас. – Ахир, давлатимиз раҳбарининг эътибори, ғамхўрлигини ҳар қадамда, ҳар лаҳзада ҳис этаман. Турмуш ўртоғим, фарзандларим, яқинларим ҳам мени мудом қўллаб-қувватлашади. Фақат, қалбимнинг тўрида бир армоним бор:

Қанийди, эришган ҳар бир ютуғимни онамга айтиб, мақтансам?..

ЎзА мухбири 

Гўзал САТТОРОВА суҳбатлашди.