Сарҳисоб
2016 йил 11 ноябрь куни Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг хоразмлик сайловчилар билан сайловолди учрашувини олиб бориш бахтига мушарраф бўлган эдим. Ушбу учрашувдаги маърузасида Шавкат Мирзиёев давр учун янги фикр бўлган “Қўшнинг тинч–сен тинч” ғоясини ўртага ташлаб, яқин қўшничилик сиёсатини амалга оширишимиз ҳақида гапирганида, сайловчилар бу мақсадни етиб бўлмас бир орзу каби қабул қилган эдилар. Лекин тарих учун қисқа бўлган кейинги ўн йил мазмунан юз йилларга татигулик давр бўлди. Халқимизнинг ушбу орзусини муҳтарам Юртбошимиз ўзининг шижоати ва юксак дипломатик маҳорати билан кўплаб сиёсатчилaргa ўрнак бўлар даражада амалга оширди. Натижада сўнгги ўн йилликда Марказий Осиёнинг дунёнинг геосиёсий харитасидаги мавқеи тобора юксалиб бораётгани жаҳон халқаро сиёсатида яққол намоён бўлди.
Алоҳида ривожланиш йўлини танлаган давлатлар — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон бугунги кунда тарихий, маданий ва иқтисодий асосларга таянган ҳолда бирлашиб, ҳамкорлик қилиш улкан истиқболларга эга эканини теран англаб етдилар.
Яқин қўшнилар билан ҳамкорлик қилишнинг ўзаро манфаатлилиги Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларнинг асосий тамойилига айланди.
2018 йилдан бошлаб мунтазамлик касб қилиб келаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари орасидаги Маслаҳат учрашувлари минтақанинг сиёсий кўринишини тубдан ўзгартириб юборди. Олдинги йилларда ечимсиз бўлиб турган муаммолар — сув, чегара, транспорт, иқтисодий масалалар, мамлакатларимиз орасидаги дўстона мулоқотлар ёрдамида ўзининг ижобий ечимларини топмоқда.
Ўзаро ишончга асосланган мулоқотлар самарасини кўрсатиш учун қуйидаги далиллар етарли деб ўйлайман. 2016 йил оҳиридан Ўзбекистон ташқи сиёсатида олиб борилган "қўшнилар билан яқинлашув" концепцияси бутун минтақага ижобий таъсир қилди ва 1991–2016 йилларда қўшниларимиз Қирғизистон ҳамда Тожикистон биз билан деярли ёпиқ чегараларга эга бўлган бўлса, 2017–2019 йилларга келиб чегараларимиздаги 20 дан ортиқ ўтиш пунктлари қайта очилди.
Шунингдек, Фарғона водийсидан Бишкекка ўтиш учун аввал 6–7 соатлаб навбат кутишга тўғри келган бўлса, бугун ушбу жараён ўтиш жойларида фуқароларимизнинг15–20 дақиқагина вақтини олади.
2016 йилда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми тахминан 5,2 миллиард доллар атрофида бўлган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 11 миллиард доллардан ошди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо ҳажми 2016–2024 йилларда қарийб 2 бараварга, Қирғизистон билан 3 бараварга, Тожикистон билан эса 4 бараварга ортди.
Марказий Осиё давлатларининг тарихан мураккаб масалаларидан бири – сув-энергетика масаласи бўлиб келган эди. Давлатларимиз орасида дўстона муносабатларнинг йўлга қўйилиши натижасида энди бу соҳада ҳам принципиал ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Жумладан, Туркманистон билан ҳукуматлараро битим доирасида Амударё сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича келишувга эришилганлиги, сув ресурсларини биргаликда бошқаришни яхшилашга хизмат қилиши ҳамда экологик муаммолар хавфини камайтиришда ўз самарасини беради.
Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида Қамбарота ГЭС-1 лойиҳасини биргаликда амалга ошириш тўғрисидаги битим минтақанинг сув-энергетика ресурсларидан биргаликда фойдаланиш амалиётида янги саҳифа очгани қардошларча ҳамкорликнинг намунавий кўриниши бўлди. Шунингдек, Тошкент ва Бишкек ўртасида “Чашма” булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисидаги келишув ушбу муаммоларни оқилона ечиш мумкин эканлигига мисол бўлади.
Ўзбекистон ва Тожикистон иштирокида Зарафшон дарёсида ГЭСларни қуриш бўйича ҳамкорлик қилинмоқда.
Буларнинг барчаси ишонч, ўзаро манфаатдорлик ва умумий ресурсларга адолатли ёндашувга асосланган янги ҳамкорлик руҳини шакллантирмоқда. Бундай лойиҳалар аҳолининг иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш ва минтақанинг энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар эшикларини очмоқда.
Марказий Осиё давлатлари томонидан эришилган ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан яна бир йўналиши транспорт соҳаси бўлиб, бу соҳада ҳам таҳсинга сазовор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мисол учун, Транскаспий йўлаги “Хитой–Европа – Марказий Осиё орқали” йўналиши, Термиз–Мозори Шариф–Қобул–Пешовар темир йўли — бу лойиҳалар минтақамизнинг логистика соҳасидаги нуфузини ошириб юборди.
Илиқ ва дўстона сиёсат туризм соҳасида ҳам ўзининг мевасини бера бошлади. Яъни Марказий Осиё мамлакатлари орасида сайёҳлар оқими кескин ўсди. Бу ерда ҳам Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари асосий драйвер бўлди.
Шавкат Мирзиёев Президентлик фаолиятининг бошида халқимиз ҳаяжонига сабаб бўлган “Қўшни давлатлар билан дўстлик – ташқи сиёсатимизнинг асосий устувор йўналиши” деган принцип амалда ўз тасдиғини топиб, бутун минтақамизнинг обрўсини оширди.
Марказий Осиёнинг ягона позиция билан чиқиши АҚШ, Европа Иттифоқи, Хитой ва Россия билан муносабатларда минтақанинг “ташаббускор куч” сифатида кўрилишига олиб келди ва биз билан ҳисоблаша бошладилар. Биз билан қалин муносабатлар ўрнатишга интилиш бошланди. Марказий Осиё – АҚШ (“C5+1”), Марказий Осиё – Европа Иттифоқи, Марказий Осиё – Хитой, Марказий Осиё – Россия саммитлари мунтазам ўтмоқда. Бундай анжуманларнинг бўлиб ўтиши минтақа мамлакатларининг бирлашганлиги, уларнинг халқаро майдондаги нуфузи ошганлигининг белгиси бўлиб, эндиликда минтақа манфаатларини яхшироқ ҳимоя қилишга имкон беради.
Шуни айтиш керакки, давлатларимиз орасидаги яқин қўшничилик муносабатларининг мустаҳкамланиши минтақа мамлакатлари касаба уюшмалари ўртасидаги дўстона муносабатни ҳам янада мустаҳкамлади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси 2021 йили Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашини ташкил этиш ташаббуси билан чиққан эди. Ушбу таклиф Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси, Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси томонидан қўллаб-қувватланиб, 2021 йил 10 ноябрда Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши таъсис этилди.
Ушбу Кенгашни тузишдан кўзланган асосий мақсад ходимларнинг ижтимоий-меҳнат, касбий, иқтисодий ва бошқа қонуний ҳуқуқи, манфаатини, касаба уюшмалари фаолиятига дахлдор ҳуқуқ ва кафолатни ҳимоялаш, уюшмаларнинг халқаро бирдамлигини мустаҳкамлашга кўмаклашиш бўйича иштирокчи мамлакатлар касаба уюшмалари ҳаракатини бирлаштиришдан иборат.
Бугунги кунда ушбу Кенгашга Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Мўғулистон касаба уюшмалари аъзо саналади.
Марказий Осиё касаба уюшмалари кенгаши фақат ижтимоий хавфсизлик ва меҳнат муҳофазаси билан чекланиб қолмасдан, балки минтақавий ҳамкорликни кучайтиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Марказий Осиё бораётган йўл — ҳамкорлик, бирдамлик ва тараққиёт йўли. Унинг бугунги қиёфаси — кечагидан мутлақо бошқа, эртангиси эса янада умидли. Мамлакатларимиз орасидаги дўстона муносабатларнинг ҳамма ҳавас қиладиган даражада юксалаётганлигини идрок қилиб ва бу юксалишларнинг меъмори, ташаббускори, мотиватори муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев эканлигини ҳис қилиб, қалбимда шундай Юртбошимиз борлиги билан фахрландим ва туркий халқларимизнинг минг йиллардан бери айтилиб келаётган “Бирлашган ўзар…” мақолини қайта-қайта такрорладим.
Шавкат САФАРБОЕВ,
Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг
Хоразм вилояти бўйича масъул ташкилотчиси,
Халқ депутатлари Хоразм вилоят кенгаши депутати.
ЎзА