Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бирламчи тиббиёт тизими: сифат ва самарадорлик
08:28 / 2022-11-02

Мамлакатимизда кейинги йилларда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Соҳадаги ислоҳотлар натижасида бирламчи тизимда тиббий хизмат кўрсатиш сифати сўнги беш йил ичида бир неча баробарга ўсди.

Буни биргина Андижон вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин. Масалан, 2021 йилда бирламчи тизимда бир жон бошига ажратилган маблағ 5 минг сўмдан, жами 17 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, жорий йилга келиб, бу кўрсаткич уч баробарга ортди. Жами ажратилган 52 миллиард сўм миқдордаги маблағ ҳисобига аҳолига 120 турдаги дори-дармон воситалари етказиб берилмоқда.

– Президентимиз топшириғидан келиб чиқиб, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида бирламчи тиббий муассасига 2 километрдан узоқ бўлган ҳудудларда жойлашган маҳаллаларда тиббиёт пунктлар ташкил этилди, – дейди Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Журъатбек Қувватов. – Маҳаллаларда ташкил этилган тиббий пунктларнинг 98 таси махсус контейнерларда ташкил этилган бўлса, 600 дан ортиқ ҳудудда маҳалладаги ташкилотлар биноларидан тиббий пункт сифатида алоҳида хоналар ажратилиб, зарур жиҳозлар билан таъминланди. Бу ишлар натижасида тиббий муассасаларга 2 километрдан узоқ масофада яшовчи 1,6 миллион нафар киши ўзи яшаётган ҳудудда ташкил этилган тиббий пункт хизматидан фойдаланиш имконига эга бўлди.  

[gallery-9383]

Вилоятда  2021 йилда 13 та бирламчи тиббий муассасалар – 9 та оилавий шифокорлик пункти, 4 та оилавий поликлиника ташкил этилиб, фойдаланишга топширилган бўлса, жорий йилда 10 та оилавий шифокорлик пункти, 4 та оилавий поликлиника фаолияти йўлга қўйилади.  

Бугунги кунга келиб вилоятда бирламчи тиббиёт муассасалари сони 202 тага етказилди. Андижонда тажриба тариқасида поликлиниканинг ўзида аҳолига стационар тиббий хизмат кўрсатилиши йўлга қўйилди. Мазкур жараён дастлаб Андижон шаҳридаги 8-оилавий поликлиникада бошланган эди. Бугунги кунга келиб вилоятдаги 15 та поликлиникаларда 130 та стационар ўринлар ташкил этилди. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 5,1 минг нафар аҳоли стационар шароитда даволанди.  

 Президентимиз тиббиёт ходимлари билан ўтказган очиқ мулоқотда 40 ва ундан катта ёшдаги аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича қатор топшириқлар берган эди. Ана шундан келиб чиқиб бугунги кунга қадар вилоятдаги 40 ёшдан ўтган аҳолининг 793 минг нафари тиббий кўрикдан ўтказилди.  

Тиббий кўрикдан ўтказилган фуқароларнинг 154 минг нафари саломатлиги билан боғлиқ турли муаммолар борлиги аниқланиб, уларнинг аксарияти амбулатор ва стационар шароитда даволанишга жалб этилди.

Мазкур жараёнда аёллар саломатлигини текширишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, вилоят онкология марказида ташкил этилган мобиль маммограф ёрдамида 7,1 минг нафар аёл текширувдан ўтказилди. Ана шу аёлларнинг 94 нафарида эрта босқичларда онкологик касалликлар аниқланиб, улар тўла даволанди. Шунингдек, 570 нафар аёлда рак олди касалликлари аниқланиб, улар ҳам соғломлаштиришга жалб этилди.  

Бундан ташқари, оила шифокори ва патронаж ҳамширалар томонидан уйма-уй юриш, аҳолининг саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган ишлар самарадорлиини ошириш бўйича ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, ташкил этилган 1 минг 138 та тиббиёт бригадалари ҳозирга қадар 635,3 мингта хонадонда бўлди. Тиббиёт ходимлари томонидан аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзи тамойилларига амал қилиши бўйича тушунтириш ва тавсиялар берилди. Даволанишга муҳтож, эҳтиёжманд оилалар вакиллари амбулатор даволанишшга жалб этилди, бир гуруҳ бемор фуқароларга бепул дори-дармонлар тарқатилди.  

Олиб борилган юқоридаги каби ишлар натижасида тез тиббий ёрдамга келиб тушаётган мурожаатлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 33 мингтага камайган.

 

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,

З. УМРЗОҚОВ (фото),

ЎзА