Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Биринчи ўзбек актрисасининг фожиали тақдирини биласизми?
07:00 / 2020-05-10

КУН ТАРИХИ

Нияти ушалган Соҳибқирон, Ўзбекистон тарихидаги биринчи банк, Тошкентлик мактаб ўқувчиларининг ватанпарварлик ташаббуси, Жанубий Африка Республикасининг биринчи президенти ва 10 май санаси билан боғлиқ бошқа муҳим маълумотлар


ЎЗБЕКИСТОН ТАРИХИДА

1399 йил (бундан 621 йил олдин) – якшанба куни муқаддас рамазон ойининг тўртинчисида Амир Темур Бибихоним Жоме масжидига пойдевор қўйди ва қурилишнинг боришини шахсан кузатиб турди.

unnamed.jpg

Амир Темур Ҳиндистондаги юриш пайтида: агар Самарқандга саломат қайтиб борсам, бир Жоме масжиди қурдираман, деб ният қилиб қўйган эди. Шунинг учун Самарқандга келибоқ масжид қуришни буюради. 10 майда масжид лойиҳаси чизиб тайёрланди ҳамда Форс, Озарбойжон ва Ҳиндистондан келтирилган икки юз тоштарош уста ишни ўша куниёқ бошлаб юборди.

Беш юз киши тош кесиш учун тоққа юборилган эди. Тоғдан тош келтириш учун Ҳиндистондан олиб келинган тўқсон беш филдан фойдаланилди. Мамлакатда маълум бўлган барча меъморлар ва ҳунармандлар ишга машғул эди. Ҳар ишнинг бошига бир шаҳзода билан бир бек муҳассил қилиб тайинланган эди, афтидан, бу мансабдаги киши шу ишни моддий таъминловчи бўлган.

1875 йил (бундан 145 йил олдин) – Тошкентда Россия Давлат банкининг ўлка бўлими ўз фаолиятини бошлади. Туркистон ўлкасида Давлат банкининг бўлимини очишга Россия императори Александр ИИ 1874 йил 23 декабрда рухсат берган эди. У Ўзбекистон тарихидаги биринчи банк муассасаси ҳисобланади. 

1880 йил (бундан 140 йил олдин) – Хислат тахаллуси билан ижод қилган шоир ва таржимон, ўзбек мумтоз адабиётининг сўнгги намоёндаларидан бири Ҳайбатуллахўжа Орифхўжа ўғли таваллуд топди (вафоти – 1945 йил). У 1908–1909 йилларда Навоий ижодини мутолаа қилиб, “Фарҳод ва Ширин” ҳамда “Лайли ва Мажнун” достонларининг соддалаштирилган насрий нусхаларини тайёрлаган ва ўз ҳисобидан нашр этган.

xislat-160x200.jpg

1903 йил (бундан 117 йил олдин) – Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Ғафур Ғулом таваллуд топди (вафоти – 1966 йил). 2003 йилда шоир таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланди. Ғафур Ғулом, вафотидан сўнг, 2000 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланди.

1909 йил (бундан 111 йил олдин) – актёр ва кинорежиссёр, Ўзбекистон халқ артисти Йўлдош Аъзамов таваллуд топди (вафоти – 1985 йил). У режиссёр сифатида 1958 йилда “Мафтунингман”, 1969 йилда “Ўтган кунлар”, 1973 йилда “Меҳробдан чаён” (“Зулматни тарк этиб…”) каби фильмлар яратди.

1920 йил (бундан 100 йил олдин) – математик олим ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Саъди Сирожиддинов таваллуд топди (вафоти – 1988 йил). Ўрта Осиё мутафаккирларининг илмий меросини ўрганишда, Ўрта Осиё, айниқса, Ўзбекистон учун юқори малакали математик мутахассислар тайёрлашда Саъди Сирожиддиновнинг хизматлари катта. У вафотидан сўнг, 2002 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.

1928 йил (бундан 92 йил олдин) – тарихимизда биринчи ўзбек актрисаси сифатида ном қолдирган Турсуной Саидазимова 17 ёшида Бухородаги гастроль сафари чоғида ўз турмуш ўртоғи томонидан ваҳшиёна ўлдирилди. Тақдир тақозоси билан унинг ҳаёти фожиали якун топди.

Турсуной 1911 йилда Тошкентда туғилган. У ўн тўрт ёшида ҳаваскорлар труппасига қўшилади. Ўша вақтда республика ҳукумати ўзбек театрининг кейинги тараққиётини ўйлаб актёрларни сабоқ олиш мақсадида Москвага юборади. Шу тариқа у 1924–1927 йилларда Москва ўзбек драма студиясида ўқийди. 1927 йилдан Ўзбек драма труппасида актрисалик фаолиятини бошлайди. Унинг бу фаолияти бор-йўғи бир йил давом этди.

1937 йил (бундан 83 йил олдин) – кинооператор, режиссёр Ҳотам Файзиев дунёга келди. У “Сен етим эмассан”, “Тошкент нон шаҳри”, “Ўтган кунлар”, “Чимилдиқ” каби фильмларга операторлик қилди. 1999 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.

1_7.jpg

1939 йил (бундан 81 йил олдин) – биотехнолог олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Асқар Холмуродов таваллуд топди (вафоти – 1997 йил). У “Корник” деб аталадиган биологик препаратни кашф этган.

1942 йил (бундан 78 йил олдин) – Тошкент шаҳар Пушкин номидаги 115-мактаб ўқувчилари Ўзбекистоннинг барча мактаб ўқувчиларига мурожаат қилиб, Ленинград ва Ленинград вилояти болаларига совғалар ва маблағлар тўплашга фаол қўшилишга чақирдилар. Мактаб ўқувчилари икки кун ичида 7 минг сўмлик озиқ-овқат, ўқув қўлланмалари, адабиётлар тўпладилар.

Тошкентлик мактаб ўқувчиларининг ватанпарварлик ташаббусини республикадаги барча мактабларнинг ўқувчилари қўллаб-қувватладилар. Республика ёшлари Ленинград болаларига ҳаммаси бўлиб 250 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари, 10 минг жуфтдан ортиқ пойабзал ва кийим, 2 млн. сўмдан ортиқ пул тўпладилар ва топширдилар.

1992 йил (бундан 28 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Эрон Ислом Республикаси ҳамда Покистон Ислом Республикаси билан дипломатия муносабатларини ўрнатди.

2019 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат-хусусий шерикчилик тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.



ЖАҲОН ТАРИХИДА


1788 йил (бундан 232 йил олдин) – француз физиги, Париж Фанлар академияси аъзоси Огюстен Жан Френель дунёга келди (вафоти – 1827 йил). У физикани мустақил ўрганган. Тўлқин оптикаси асосчиларидан бири.

1811 йил (бундан 209 йил олдин) – Англияда қоғоз пуллар муомалага киритилди.

1871 йил (бундан 149 йил олдин) – Германиянинг Франкфурт шаҳрида Франция–Германия сулҳ шартномаси имзоланди. Унга кўра Франция Германияга 5 млрд. франк товон тўлайдиган бўлди. Бу товон тўланиб бўлингунча, Германия ўз қуролли кучларининг бир қисмини Франция ҳудудида сақлаб турадиган бўлди.

1906 йил (бундан 114 йил олдин) – Россия Давлат Думасининг биринчи йиғилиши очилди.

1BB1B690-01AF-459E-A872-C6C01659118A_cx0_cy10_cw0_w800_h450.jpg

1940 йил (бундан 80 йил олдин) – уч давлат: Голландия (Нидерландия), Бельгия ва Люксембургни тор-мор келтиришни кўзда тутувчи “Гелб” операцияси ўтказилди.

1967 йил (бундан 53 йил олдин) – Стокгольмда бўлган ҳарбий трибунал Вьетнамга қарши урушда АҚШни айблади.

1993 йил (бундан 27 йил олдин) – Қирғизистон Республикасининг пул бирлиги – сом муомалага киритилди.

1994 йил (бундан 26 йил олдин) – Нельсон Мандела Жанубий Африка Республикаси Президенти сифатида қасамёд қилди. У мамлакатни 1999 йилгача бошқарди.



Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ