Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан “Қурилиш материаллари соҳасида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ва бу борада белгиланган устувор вазифалар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Қайд этилганидек, Президентимизнинг 2020 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси бўйича хорижий инвестиция ва кредитлар иштирокида 872 миллион долларлик 39 лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Шу жумладан, жорий йилнинг ўзида 327,6 миллион доллар ўзлаштириш кўзда тутилган.
Мазкур лойиҳаларни молиялаштиришга 101 миллион доллар ташаббускорлар маблағи, 11,6 миллион доллар тижорат банклари кредитлари ва 215 миллион доллар хорижий инвестиция ва хорижий кредитлар йўналтирилади. Жумладан, жорий йилда 306 миллион долларлик 12 лойиҳани ишга тушириш ва 1 минг 625 та янги иш ўринларини ташкил этиш режалаштирилган.
- Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 39 инвестиция лойиҳаси бўйича 115,3 миллион доллар, шундан 84,3 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилди, - дейди “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Азизбек Баҳодиров. - Хусусан, “Оҳангаронцемент” АЖда 160 миллион доллар инвестиция ҳисобига йилига 2.4 миллион тонна цемент ва “Кварц” АЖда 70.2 миллион доллар ҳисобига 22.2 миллион квадрат метр флоат ойна ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилди, мос равишда 400 ва 280 та янги иш ўринлари яратилди. Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида умумий қиймати 5 миллион доллар бўлган "Monolith Asia" МЧЖ ҚКда 20 минг тонна пайвандлаш электродларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси ишга туширилди ва 200 та янги иш ўринлари ташкил этилди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА