Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Биринчи қўнғироқ жаранги дилларга хуш ёқди
11:24 / 2023-09-04

Эрта тонгдан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Фарғона вилоятида ҳам биринчи қўнғироқ тадбирлари бўлиб ўтди.

“Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!” шиори остида ташкил этилган тадбирларда маҳаллий ҳокимликлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари қатнашди.  

Қувасой шаҳридаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатда ҳам тадбир кўтаринкилик билан ташкил этилди. 672 ўринли билим маскани 8,9 миллиард сўм маблағ эвазига бутунлай қайта таъмирланиб, ўқувчиларни ўз бағрига олди. Аниқ ва табиий фанларни ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатда 552 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимов барчани янги ўқув йили ва замонавий қиёфа касб этган мактаб билан табриклади. Мамлакатимизда сифатли таълимга қаратилаётган эътибор замирида ёшларнинг илм олиши, касб-ҳунар ўрганишлари турганини қайд этди.  

[gallery-13426]

Тадбир доирасида вилоят ҳокими ўринбосари таълим даргоҳининг 11-синф ўқувчиларига “Мустақиллик дарси” ўтди. Вилоятда умумтаълим мактабларининг моддий базасини яхшилаш, таълим жараёнига инновацияларни жорий этиш, малакали педагог кадрлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда Инвестиция дастури доирасида вилоятда 17 та умумтаълим мактаблари, 8 та мактабгача таълим ташкилотларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган бўлиб, мазкур мақсадлар учун 214,2 миллиард сўм маблағ ажратилган.  

Дунёдаги замонавий ўқув дастурлари, ўқитиш методикаларини ўрганиб, юртимиз умумтаълим мактабларида жорий қилиш бўйича япон таълим тажрибаси вилоятда оммалаштирилмоқда. Япониялик мутахассис Гото Микако жалб этилиб, 2023-2024 ўқув йилида вилоятдаги 18 та мактабда синов тариқасида Япония таълим тажрибасини татбиқ этишга киришилмоқда. Янги ўқув йилида вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тасарруфидаги 962 та мактабга 75 минг нафардан зиёд, 55 та нодавлат таълим муассасаларига эса 2 минг 258 нафардан ортиқ ўқувчилар 1-синфга қабул қилинди. Уларга Президент совғалари тантанали топширилди.  

Вилоятдаги умумтаълим мактабларида “Биринчи қўнғироқ” тадбирларидан сўнг “Мустақиллик дарслари” ўтказилди. Ушбу дарсларда истиқлол йилларида эришилган ютуқлар, ёшларимиз томонидан қўлга киритилган катта ғалабалар ҳамда миллий тарихимизнинг ёрқин лавҳалари ҳақида ўқувчиларга сўзлаб берилди.  

М.Сулаймонов,  

М.Қодиров олган суратлар