2 сентябрь куни Қашқадарё вилоятидаги умумий ўрта таълим мактабларида янги ўқув йилининг бошланиши муносабати билан “Биринчи қўнғироқ” тадбирлари бўлиб ўтди.
“Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида ташкил этилган ушбу маросим иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг табриги ўқиб эшиттирилди. 2025-2026 ўқув йилида вилоят бўйлаб 72 845 нафар болажон илк бор мактаб остонасига қадам қўйди. Улар учун махсус тайёрланган, 12 номдаги ўқув қуролларидан иборат Президент совғалари тантанали тарзда топширилди.
Қарши шаҳридаги 29-умумий ўрта таълим мактабида ҳам “Биринчи қўнғироқ” тадбири алоҳида кўтаринкилик билан ўтказилди. Бу йил мактабнинг 1-синфига 115 нафар ўқувчи қабул қилинди. Уларнинг илк қадамлари тантанали табриклар, самимий тилаклар ва болаларга бағишланган шеърлар билан қарши олинди. Мактаб ҳовлисида ота-оналар, педагоглар ва маҳалла фаоллари иштирокида ўтказилган маросимда болажонларнинг юзидаги қувонч, янги билимларга бўлган иштиёқ яққол сезилди.
[gallery-25119]
Вилоятдаги барча мактабларда “Биринчи қўнғироқ” тадбирлари юқори савияда, хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этилган ҳолда ташкил этилди. Мактаб жамоалари томонидан болаларнинг саломатлиги ва байрамона кайфиятини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари