Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Биринчи ўзбек кимёгари Саттор Жаббор (+видео)
14:36 / 2025-12-13

"Жадидлар — миллат қаҳрамонлари" лойиҳасининг бу галги сонида тараққийпарвар уламо, 31 ёшида профессор унвонини олган ўзбек кимёгар олими, маърифатпарвар жадид — Саттор Жаббор ҳақида маълумот берилади.

XX йилларнинг бошларида Туркистон ва Бухоро республикалари раҳбарлари ташаббуси билан Германияга ўқишга борган талабалар орасида Бухородан Аҳмад Наим, Самарқанддан Рауф Расулий, Хўжанддан Султон Матқул, Фарғонадан Темирбек Ғозибеков, Хоразмдан Марям Султонмуродова, Тошкентдан Хайриниса Султонмуродова, Саидалихўжа, Иброҳим Орифхон, Аҳмаджон Иброҳимов, Саттор Жаббор кабилар бор эди.

Бўлғуси ўзбек кимёгар олимларидан бири Саттор Жаббор 1905 йили Тошкентда туғилиб, аввал эски мактабда, сўнг рус-тузем мактабида, 1918–1921 йилларда эса “Намуна” мактабида ўқиди. Бу мактаб Тошкентда биринчи замонавий мактаб ҳисобланиб, унда Саттор Жаббор билан бирга бўлғуси олим ва ёзувчилар: Ойбек, Миркарим Осим, Ҳомил Ёқубов, Субутой Долимов ва бошқалар ҳам ўқиган. Уларга ўша даврнинг етакчи педагогларидан Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат, Эсон афанди Мусаев, Шорасул Зуннун, Қаюм Рамазонлар дарс берганлар. Саттор Жаббор 1921 йили шу мактабни муваффақиятли битириб, ўз сафдошлари билан Навоий номли билим юртига ўқишга ўтган, кейинчалик бир гуруҳ ёшлар билан бирга Бухоро Халқ Республикаси томонидан Берлинга ўқишга юборилган.

Саттор Жаббор Берлинда аввал хусусий йўл билан ўқиб, немис тилидан имтиҳон топширгач, 1925 йилда Ҳайдельберг шаҳрига бориб, у ерда обер-имтиҳондан ўтиб, дорилфунуннинг кимё факультетига кирган.

Саттор Жаббор муваффақиятли ўқиш билан бирга шу йилларда Германияда таҳсил олаётган бошқа туркистонлик ва бухоролик юртдошлари билан бирга барча маданий-маърифий ишларда қатнашади. Устози Фитратнинг “Ҳинд ихтилолчилари” асарининг Берлин нашрини ташкил этувчиларидан бири бўлади, ўзбек ва немис матбуотида шеър ва мақолалари билан фаол қатнаша бошлайди. 

Саттор Жаббор 1931 йилда Ўзбекистонга қайтиб, Ўрта Осиё давлат Медицина институтининг биокимё (1932–1934), кейинчалик ноорганик кимё кафедралари (1935–11937) мудири, Соғлиқни сақлаш халқ комиссарлиги коллегияси аъзоси, Маориф халқ комиссарлиги ҳузуридаги Илмий кенгаш аъзоси вазифаларида ишлайди. Тошкент Давлат Медицина институти ноорганик кимё кафедраси мудири Маъфуахон Алавиянинг гувоҳлик беришича, Саттор Жабборга ўша йиллари кўп йиллик илмий ишлари мажмуаси учун кимё фанлари номзоди илмий унвони берилган. Унинг асосий илмий йўналиши хилма-хил кимёвий хоссаларнинг ташкил топиш кинетикасини тадқиқ қилиш бўлган. Олимнинг 20 дан ортиқ илмий иши мавжуд бўлиб, улар орасида немис тилидаги кимё дарсликларининг ўзбек тилига таржималари, шунингдек, русча-ўзбекча ва немисча-русча-ўзбекча кимё терминлари китоблари ҳам бўлган.

Батафсил:

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/bp8WX-ZwU-Y" title="Birinchi o`zbek kimyogari Sattor Jabbor " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Муҳайё Турдалиева, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА