Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Биринчи ўзбек энергетик муҳандиси кимлигини биласизми?
09:07 / 2021-01-05

Ватанимиз тарихидаги 5 январь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1375 йил (бундан 646 йил олдин) – Амир Темур ҳижрий 776 йил шаъбон ойининг биринчи куни (милодий 1375 йилнинг 5 январида) Мўғулистон устига учинчи марта юриш бошлади. Бу юриш, умуман олганда, муваффақиятли тугади. Тарихчи олим, академик Бўрибой Аҳмедовнинг ёзишича, Мўғулистон ҳукмдори Қамариддиннинг асосий кучлари Жорун, Кўк тома ва Бурка руриёнда тор-мор келтирилди. Амир Темурнинг ўн тўққиз ёшли ўғли Жаҳонгир мирзо бош бўлган илғор қисмлар эса Или дарёсининг нариги тарафига ўтиб, мўғулларга қақшатқич зарба берди.

Бу юришда Темур қўшини Қамариддинни Пойи тоққача қувиб борди. Бироқ шу ерга келганда амир Қамариддин кўздан ғойиб бўлди. Амирзода Жаҳонгир уни тутиб келиш учун юборилди. Амир Темур Пойи тоғда эллик уч кун турди. Шу вақт ичида амирзода Жаҳонгир Қамариддинни кўп қидирди, тополмагач, охири Уч кармондан катта ўлжа ва асирлар олиб қайтди.

1894 йил (бундан 127 йил олдин) – биринчи ўзбек энергетик муҳандиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи Саидоқил Саидхўжаев дунёга келди (вафоти 1968 йил). У 1904–1906 йилларда Тошкентдаги рус-тузем мактабида ўқиган. Ўттиз уч ёшида Москвадаги Плеханов номидаги Халқ хўжалиги институтини тугатган. Ўрта Осиёни электрлаштиришга катта ҳисса қўшган. Бўржар ва Оқтепа ГЭСлари қурилишига бошчилик қилган. 1951 йилдан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ишлаган.

1916 йил (бундан 105 йил олдин) – рассом, педагог, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Малик Набиев таваллуд топди (вафоти 2008 йил). У 2000 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.

1932 йил (бундан 89 йил олдин) – физик олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Муҳаммаджон Юнусов таваллуд топди (вафоти 2002 йил).

1935 йил (бундан 86 йил олдин) – қорақалпоқ тилшуноси, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Ҳусниддин Ҳамидов дунёга келди (вафоти 2019 йил).

1955 йил (бундан 66 йил олдин) – тошкентлик футболчи, халқаро миқёсдаги спорт устаси Владимир Фёдоров дунёга келди (вафоти 1979 йил). У 1972–1979 йилларда “Пахтакор” жамоасида ҳужумчи бўлган.

2018 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2018–2022 йилларда давлат театрларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2019 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади