Наманганда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, “Нуроний” жамғармаси вакиллари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда жамиятимиз ижтимоий-иқтисодий жабҳаларида муносиб меҳнатлари билан ном қолдирган марҳум ҳамюртларимиз хонадонларида бўлиб, ўтганлар хотирасига ҳурмат бажо келтириш, борларини эъзозлашга қаратилган йўқлов тадбирлари ташкил этилмоқда.
Қайд этиш даркор, Наманган шаҳар ҳокимлигининг ижтимоий-сиёсий нашри – “Наманган садоси” газетаси чоп этилганига 30 йил тўлди. Таҳририят фаолиятини йўлга қўйиш, вазифаларни аниқ белгилаш, моддий-техник базасини шакллантириш каби ташкилий ишларни тез ва соз уддалашда биринчи муҳаррир Турғунпўлат Сулаймоновнинг хизматлари катта бўлган. Ўша пайтдаги шаҳар ҳокими Акмалхон Икромовнинг ташаббуси ва муҳаррир саъй-ҳаракатлари билан “Наманган садоси” газетаси 1994 йил 1 апрелдан чоп этила бошланган.

Турғунпўлат аканинг жамоат ишларида фаоллиги, ташкилотчилиги боис газета илк йиллардаёқ катта шуҳрат қозониб, 10 мингдан ортиқ мухлислар қўлига етиб борган. Бугун вилоят ва республика миқёсидаги босма нашрлар ҳамда телерадио каналларида хизмат қилаётган бир қанча таниқли журналистлар шу ижодий муҳитда тобланиб, элга танилди.
Устоз Турғунпўлат Сулаймонов 55 йил умр кўрди. Ҳабиб Саъдулла, Абдуқаҳҳор Ғаффорий, Эрмуҳаммад Нурматов, Алихон Халилбеков, Нурбек Абдуллаев, Комилжон Файзиев, Раҳимжон Ирисов сингари зиёлилар билан бамаслаҳат газета саҳифалари мазмундорлиги таъминлаган.

Шаҳар ҳокимлигининг саъй-ҳаракати билан Наманган шаҳрининг Олвализор маҳалласидаги ижодкор яшаб ўтган хонадонга Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, фаоллари, газета таҳририяти ходимлари йўқлов тадбирини уюштирди. Бундан кўнгиллари қувончга тўлган Турғунпўлат аканинг фарзандлари, набира-эваларининг юзларида йўқловдан фахр-ифтихор туйғулари акс этди.
Наманган шаҳри ҳокими Анваржон Отахўжаев Турғунпўлат Сулаймонов шаънига самимий дил изҳорларини билдирди. Эсдалик совғалари берилди. Хонадон соҳиблари йўқлов учун, кўрсатилган ҳурмат ва эътибор учун миннатдорлик билдирди.

– Шу ўтган ўттиз йиллик давр мустақилликни асраш ва мустаҳкамлаш учун том маънода кураш жараёни билан кечди. Газета ана шу масъулиятли даврда халқни истиқлол ғоялари теварагида бирлаштиришда ўзининг муносиб улушини қўшди, – дейди “Наманган садоси” газетаси муҳаррири Улуғбек Рўзиматов. – –Устоз Турғунпўлат Сулаймонов номи таҳририятимизнинг янги авлод ижодкорлари ва Наманган шаҳрининг кенг жамоатчилиги хотирасида ҳамиша яшайди..
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири