Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Биринчи инстанция суди қарори устидан шикоят бериш қандай амалга оширилади?
16:02 / 2024-05-20

Конституцияга мувофиқ, фуқаролар судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга. 2023 йил 25 декабрда қабул қилинган “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун билан суд қарорларига нисбатан фуқароларнинг апелляция, кассация ва тафтиш тартибида шикоят келтириш ҳуқуқи белгиланди.

Бу ҳуқуқлардан амалда қандай фойдаланилади? Ёки судлар бу йўналишдаги ишларни қандай кўриб чиқади? Бу саволларга Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов жавоб берди:  

– Фуқароларнинг суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқларини амалда таъминлаш учун судлар изчил фаолият юритмоқда. Ишларнинг ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилиши учун судлар ихтисослаштирилди.  Одил судловни таъминлаш йўлида юқори инстанция судлари тизими такомиллаштирилди.  

Шу билан бирга, Олий суд томонидан суд амалиётини бир хиллаштириш, судларга қонунни амалда тўғри қўллаш юзасидан тушунтириш бериш мақсадида пленум қарорлари ҳам қабул қилинмоқда.  

“Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни апелляция, кассация тартибида кўриб чиқишнинг айрим масалалари тўғрисида”ги пленум қарори шулар жумласидандир.  

Унда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни апелляция, кассация тартибида кўриб чиқиш суд процесси иштирокчиларининг биринчи инстанция суди қарори устидан шикоят беришга бўлган ҳуқуқини кафолатловчи муҳим ҳуқуқий институт эканлигидан келиб чиқиб, судларга тушунтиришлар берилди.  

Қонунчиликда вилоят суди ва унга тенглаштирилган судлар томонидан ишларни биринчи инстанцияда, апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқиш чоғида чиқарилган қарор устидан бериладиган шикоят (протест) қайси судлар томонидан кўрилиши белгиланмаган. Шу сабабли, қарорда бундай шикоят ва протестлар Олий суднинг тегишли судлов ҳайъати томонидан кўрилиши қайд этилди.    

Қарорда процессуал ҳаракатни амалга оширишга объектив тўсқинлик қилувчи ҳолатлар узрли сабаблар, деб топилиши мумкинлиги ҳақида тушунтириш берилган.  Масалан, фавқулодда ҳолатлар, сув тошқинлари, эпидемия, пандемия, карантин, қилмишда жиноят аломатлари аниқлангани, шахснинг касаллиги, оилавий аҳволи, яъни оила аъзоларининг ўлими ёки оғир касаллиги, шунингдек, бошқа ҳолатлар, агар улар қонунда белгиланган муддатда апелляция, кассация шикояти беришни истисно этган ёхуд жиддий тарзда қийинлаштирган бўлса, узрли ҳолатлар, деб топилиши мумкин.  

Агар ишни кўриб чиқиш пайтида апелляция, кассация инстанцияси судлари ҳуқуқбузарнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бор, деган хулосага келса, биринчи инстанция суди қарорини бекор қилиши ва иш ҳужжатларини асослантирилган қарор билан бирга прокурорга юбориши керак.    

Тергов ёки суриштирув органи иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиш ва текшириш натижаси бўйича ҳуқуқбузарнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқ, деган хулосага келса, маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш судга жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарор билан бирга юборилиши жоиз.  

Буларнинг барчаси судларда маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни апелляция, кассация инстанциясида кўриш чоғида одил судловни таъминлашда муҳим ўрин тутади.  

 

Н.Абдураимова,

ЎзА