Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Биринчи чоракда самарқандлик алимент тўловчи қарздорлар 21 миллиард сўм тўлаган
15:02 / 2022-04-06

Бу ҳақда Самарқанд вилояти матбуот уйида ўтказилган матбуот анжуманида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Фозил Файзиев маълум қилди.

Вилоятда алимент тўловларини ундириш ва оилаларни яраштириш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган тадбирда қайд этилишича, асосий қисмини ёш аёллар ташкил этадиган, аҳолининг ёрдамга муҳтож тоифасига кирувчи вояга етмаган фарзандлари учун алимент олувчи оналар манфаатларини ҳимоя қилишга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилиши натижасида алимент ундириш жараёнлари такомиллашган. Тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ундириш, қарздор оталарга тўлов манбалари яратиш мақсадида уларни ишга жойлаштириш, профилактик тадбирлар орқали ёш оилаларни яраштириш бўйича аниқ тизим йўлга қўйилган.  

– Йилнинг дастлабки уч ойида олиб борилган ишлар натижасида 1961 та оила яратиштирилди, – дейди Фозил Файзиев. – Мажбурий ижро тадбирлари натижасида алимент тўловчи қарздорлардан 21 миллиард 3 миллион сўмдан ортиқ алимент пуллари ундирувчиларга ундириб берилиши таъминланди. Ишсиз, ёрдамга муҳтож, оғир аҳволга тушиб қолган алимент тўловчи қарздорларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, маҳаллий ҳокимликлар, сектор раҳбарлари, бандлик ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда 640 нафар алимент тўловчи ота ишга жойлаштирилди. Шу билан бирга, қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлиги тамойилларига таянган ҳолда алимент тўловларини тўлашдан мунтазам равишда бўйин товлаб келган 267 нафар қарздор маъмурий жавобгарликка ва 35 нафари жиноий жавобгарликка тортилди. 226 нафар қарздорларга нисбатан олиб борилган қидирув тадбирлари натижасида 154 нафар қидирувдаги қарздорлар топилди.  

Бу соҳадаги муаммоларни ҳал қилиш мақсадида 2021 йил 1 мартдан бошлаб вояга етмаганларнинг алимент пулларини ҳисоблаш ва тўлаш устидан автоматлаштирилган назорат тизими йўлга қўйилди. Натижада алиментларни етказишдаги почта харажатлари тежалмоқда, яъни ундирувчи алимент пулини ҳеч қандай ушланмаларсиз тўлиқ олиш имкониятига эга бўлди. Энг муҳими, алиментларни ойма-ой, сўзсиз тўлаб борилиши онлайн назорат қилинмоқда. Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатида бюронинг Самарқанд вилояти бошқармаси туман, шаҳар бўлимлари иш юритувидаги алимент ундируви билан боғлиқ 31028 та ижро ҳужжатлари бўйича алимент олувчилар номига пластик карта очиш учун 29879 та электрон аризалар тақдим қилиниб, 22922 нафар алимент олувчилар номига пластик ҳисоб рақамлар очилган, 20260 та банк карталари эгаларига етказилган. 

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА