Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларга доир матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбирда банклар томонидан ҳудудларда тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар хусусида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг биринчи чорагида қарийб 93 мингта лойиҳага 12,2 триллион сўм кредит йўналтирилди. Шу билан бирга, хорижий кредит линиялари маблағлари ҳисобидан тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектларининг қарийб 3 минг 700 та лойиҳасини молиялаштириш учун 500 миллион доллар кредит ажратилган.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари ижросини таъминлашда асосий эътибор, ҳудудларда янги иш ўрни яратиш, хизматлар кўрсатиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилган кичик лойиҳалар ҳамда аҳолининг доимий даромад манбасини шакллантиришга қаратилмоқда.
Хусусан, 2021 йилда мазкур дастурлар доирасида 135 мингта лойиҳага жами 3,2 триллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 4 баробарга кўп.
Сўнгги 3 йилда ажратилган кредитлар эса 19 триллион сўмга етди. Натижада 770 мингдан ортиқ оилалар ўз тадбиркорлигини йўлга қўйди. Ўрта ҳисобда эса жами хонадонларнинг 10 фоизи қамраб олинди.
Дастурлар доирасида лойиҳаларни молиялаштириш учун жорий йилда ажратилиши кўзда тутилган 9 триллион сўм маблағнинг камида 1 триллион сўми ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш мақсадларига ажратилиши режалаштирилган.
Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА