«Ўзбеккўмир» акциядорлик жамияти томонидан 2022 йилда истеъмолчиларга 4,8 миллион тонна кўмир етказиб берилади. Хусусан, бунда иссиқлик электр станцияларига 2 839 минг тонна, бюджет ташкилотларига 518,0 минг тонна ва аҳоли истеъмолчиларига 882 минг тонна кўмир етказиш кўзда тутилган.
Ўзбекистон миллий матбуот марказида бўлиб ўтган анжуманда шу ҳақда сўз борди.
Унда «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамияти масъуллари 2022 йил I чорак якунлари, аҳоли ва бюджет ташкилотларини кўмир маҳсулотлари билан таъминлашнинг устувор вазифаларига тўхталиб ўтди.
«Ўзбеккўмир» АЖ бош геологи Эркин Жўраевнинг қайд этишича, жамиятда январь-март ойлари давомида кон устини очиш ишлари 4,9 миллион метр куб ёки прогнозга нисбатан 71,5 фоизни ташкил этган. Кўмир қазиб чиқариш 1,1 миллион тонна ёки прогнозга нисбатан 91,4 фоизга тенг бўлди. Истеъмолчиларга 1,2 миллион тонна кўмир етказиб берилиб, бу борадаги режа 100,8 фоизга бажарилган.
– Ўтган уч ойда иссиқлик электр станцияларига 962,8 минг тонна, бюджет ташкилотларига 20,8 минг тонна, аҳоли истеъмолчиларига 166,3 минг тонна, биржа савдоларига 75,2 минг тонна маҳсулот етказиб берилди. Маҳаллийлаштириш дастури доирасидаги ишлар ҳам изчил давом эттирилмоқда. Дастлабки чоракда тоғ-кон ҳамда ер ости кон ускуналари учун 1,5 миллиард сўмлик эҳтиёт қисмлари ўзлаштирилди ва бу борадаги режа ҳам ортиғи билан уддаланди, – деди Э.Жўраев.
Аҳоли ва истеъмолчиларга кўмир етказиб беришда “Кўмир таъминот” масъулияти чекланган жамиятнинг алоҳида ўрни бор. Мазкур жамият тасарруфидаги 101 ҳудудий кўмир омбори ва савдо шахобчаси мунтазам фаолияти мавсум муаммолари ечимида муҳим омилдир.
– “Кўмир таъминот” масъулияти чекланган жамияти тасарруфидаги 101 ҳудудий кўмир омбори ва савдо шахобчаси томонидан 2021 йил давомида аҳоли эҳтиёжлари учун 705 минг тонна ўрнига 832 минг тонна кўмир маҳсулотлари тарқатилган эди, – деди “Кўмир таъминот” МЧЖ мутасаддиси Бахтиёр Узоқов. – Аҳоли талабларидан келиб чиқиб, 2022 йилнинг январь-февраль ойларида режага қўшимча яна 144,0 минг тонна кўмир тарқатилди.
Тадбирда маълумот берилганидек, 2022-2023 йиллар куз-қиш мавсуми учун ижтимоий соҳа объектларига 518,0 минг тонна, аҳоли истеъмолчиларига 882,0 минг тонна кўмир маҳсулотларини етказиб берилиши режалаштирилган.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири