Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Биринчи чоракда давлат бюджетидан 47,3 триллион сўмлик харажат қилинган
16:20 / 2023-05-10

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП, ЎзХДП ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси фракцияларининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг "2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2023 йил биринчи чорагида бажарилиши юзасидан ҳисоботи муҳокама қилинди.

Ўтган давр мобайнида давлат бюджети жами харажатлари 47,3 триллион сўмни, шундан ижтимоий соҳаларга йўналтирилган харажатлар 18,1 триллион сўмни ташкил қилди. Ушбу сарфланган харажатлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22,3 фоизга ошган.  

Йиғилишда “Адолат” СДП фракцияси аъзолари Давлат дастурининг партия сайловолди дастури билан ҳамоҳанг бўлган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, хусусан, адвокатура институти жозибадорлигини ошириш, соҳага ёш кадрларни жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларни алоҳида эътироф этди.  

Шунингдек, Давлат дастури доирасига ишларни, белгиланган вазифаларни амалга оширишда фаоллик кўрсатиш лозимлиги таъкидланди.  

Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари Давлат дастурининг ижросида партиянинг электорати манфаатларидан келиб чиқиб, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш йўналишларида амалга оширилган ишларга эътибор берди.  

Таъкидланганидек, бу борада республика бўйича оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган 78 мингга яқин ишсиз хотин-қизларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, уларни касб-ҳунарга ўқитиш чоралари кўрилмоқда. “Аёллар дафтари”га киритилган 1 миллион 680 минг хотин-қизнинг 225 мингдан зиёдига тоифаларга ажратилган ҳолда ёрдам кўрсатилди.    

Шунингдек, профессионал таълим муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш ва уларни моддий рағбатлантиришни кучайтириш тўғрисида Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қарор лойиҳаси қабул қилиниши натижасида республикадаги профессионал таълим муассасаларида фаолият юритаётган ўқитувчилар лавозим маошларини ўртача 20 фоизга оширишга эришилади. Фракция аъзолари реабилитация марказларида ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация чоралари билан қамраб олиш кўламини 5 бараварга ошириш, талабаларни ётоқхонага онлайн жойлашиш имкониятларини берувчи, Давлат хизматлари маркази ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган бепул электрон хизматни жорий этиш каби масалалар ижросига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини қайд этди.  

Мажлисда Ўзбекистон Экологик партияси фракция аъзолари партия дастурий вазифаларига мос равишда асосий эътиборни экологик масалаларга қаратдилар. Қайд этилганидек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида баҳорги кўчат экиш мавсумида 127,7 миллион дона кўчат ва қаламчалар экилган.  

Интенсив боғлар майдонини 1,5 бараварга ва иссиқхоналарни 1,2 баравар кўпайтириш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар дастури доирасида 25 минг гектар боғлар ва 35 минг гектар токзорлар барпо этиш кўзда тутилган бўлиб, ҳисобот даврида 10,9 минг гектар боғлар, 8,6 минг гектар токзорлар ташкил қилинган ҳамда уларга 23,9 миллион дона кўчат экилган.  

Фракция аъзолари томонидан Оролбўйи ҳудудини экологик жиҳатдан тиклаш ишларини кенгайтириш, олис ҳудудларидаги аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш, маиший чиқиндиларни йиғиш ва уни қайта ишлаш тадбирларини амалга ошириш борасида таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.  

М.Комилова, ЎзА