Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан матбуот анжумани ўтказилди.
Қурилиш материаллари соҳаси вакиллари иштирок этган тадбирда жорий йил мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган қурилиш материаллари сарҳисоби, ушбу маҳсулотлар сифати ва назоратига урғу берилди.
“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси матбуот хизмати Жамшид Шерметовнинг маълум қилишича, 2023 йилнинг биринчи чорагида қурилиш материаллари соҳасида жами 5,1 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган. Бунда ўсиш суръати 104,7 фоизни ташкил этган.
–Хусусан, ўтган даврда 2,5 миллион тонна цемент, 7,6 миллион квадрат метр қурилиш ойнаси, 13 миллион квадрат метр гипсокартон, 6,4 миллион квадрат метр керамик плитка, 400 минг ўрам гулқоғоз каби қурилиш материаллари ишлаб чиқарилди. Жорий йилнинг биринчи чорагида жами 2,5 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилган. Ушбу даврда биржа савдоларида сотилган 515,4 минг тонна цемент истеъмолчиларга етказиб берилган. Бу ишлар кўламини кенгайтириш мақсадида ушбу йил якуни билан йилига 5,8 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилади ва жами республикада цемент ишлаб чиқариш қувватлари 32 миллион тоннага етказилади. Шу ўринда айтиш керакки, бугунги кунда ишлаб чиқариш қувватларини ошириш баробарида маҳсулотлар сифати ва унинг назоратига катта аҳамият қаратилмоқда. Ҳар бир корхона ўзининг лабораториясига эга бўлиб, бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати қатъий текширилади. Бундан кўзланган мақсад эса истеъмолчиларга сифатли қурилиш материаллари етказиб бериш, маҳсулотлар географиясини кенгайтириш ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган, – деди Ж.Шерметов.
[gallery-12402]
Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2023-2025 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳам таҳлил этилди. Унга кўра, 27 та лойиҳа бўйича жорий йилда жами 193,9 миллион доллар ўзлаштириш белгиланган. Биринчи чоракда 17,7 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилиб, режа 100,8 фоиз бажарилди. Бу борадаги ишлар самарасида 9 та лойиҳани ишга тушириш ва 840 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, 2023 йилда 1 миллиард долларлик қурилиш материаллари экспорти амалга оширилади.
–Бугунги кунда техник меъёрлаш ва стандартлаштириш соҳалари тубдан такомиллаштирилмоқда, – деди Қурилиш ва уй-жой хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қурилишда техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти директори Шерзод Собитов. – Мазкур соҳаларда илмий тадқиқот ишларини кучайтириш, халқаро институтларнинг тажрибаларини ўзлаштириш ишлари тизимли олиб борилмоқда. Қурилиш материаллари ва соҳага доир стандартлар таҳлил қилинди. Ҳозирги кунда улар 3364 тани ташкил қилмоқда. Шунингдек, улар орасида 70 та илғор хорижий давлатларнинг миллий стандартлари ҳам мавжуд. Таҳлил натижаларига кўра, 700 дан ортиқ янги халқаро тажрибага асосланган стандартлар билан алмаштириш ва уларни босқичма-босқич амалиётга жорий этиш илмий муассасамизнинг асосий вазифаси ҳисобланади. Жорий йилнинг ярим йиллигига мувофиқ, 30 та давлат стандарти халқаро ва илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси асосида қайта кўриб чиқилмоқда.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА