Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Биринчи атом электр станцияси лойиҳаси бўйича жамоатчилик фикри қандай? (+видео)
19:32 / 2025-12-24

Аввал хабар қилинганидек, Жиззах вилояти Фориш туманидаги Боғдон аҳоли пункти 30-сонли маданий марказида Ўзбекистондаги биринчи атом электр станцияси лойиҳаси бўйича жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтди.

Унда иштирокчиларга лойиҳанинг техник ечимлари, хавфсизлик чоралари, атроф-муҳитга таъсири ва тиббий назорат тизимлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Таъкидланганидек, дунёда илк бор бир майдонда иккита катта қувватли “ВВЭР-1000” ва иккита кичик қувватли “РИТМ-200N” энергия блоклари жойлаштирилади. Бу таркиб йилига тахминан 15 миллиард кВт/соат тоза электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради.

– Бугунги эшитувлар очиқ ва самимий мулоқотнинг ёрқин намунаси бўлди. Биз келган ва ўз фикрини билдирган ҳар бир иштирокчига самимий миннатдорлик билдирамиз. Барча таклифларингиз синчковлик билан ўрганилади ва ҳисобга олинади. Биз АЭСларни шунчаки электр энергияси ишлаб чиқариш учун қурмаяпмиз. Биз фарзандларимиз учун хавфсиз, барқарор ва фаровон келажак қурамиз. Айтиш керакки, бизнинг асосий вазифамиз икки йирик ва икки кичик блокни барпо этишдан иборат. Атом электр станцияси республикада энергия самарадорлигини ошириш ва иқтисодий ривожланишга сезиларли ҳисса қўшади. Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, станция блоклари ўрнатилган қувватдан 93-98 фоиз самарадорлик билан фойдаланиш имконига эга бўлиб, бу уни ишончли ва барқарор энергия манбаи сифатида намоён қилади. Қурилиш жараёни аллақачон бошланган бўлиб, ер ишлари ва 1,500 ишчи учун вахта шаҳарчаси қурилмоқда. Кейин эса бетон қўйиш ишларига ўтилади. Бу жараёнда нафақат россиялик мутахассислар, балки Япония ва Германиядан ҳам етук мутахассислар қатнашмоқда. Атом электр станцияси ишга тушгач, республикада электр энергиясининг барқарорлиги таъминланади, саноат ҳамда ижтимоий ривожланиш учун муҳим қадам бўлади, – деди  “Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаев.

Жамоатчилик эшитувида сўзга чиққан “Атомстройэкспорт” АЖнинг Ўзбекистон Республикасида атом электр станцияси қуриш лойиҳаси вице-президенти ва директори Павел Безруков қуйидагиларни қайд этди.

– Ўзбекистондаги атом электр станцияси қурилиш лойиҳаси тўлиқ режага мувофиқ амалга оширилмоқда, баъзи ҳолатларда эса графикдан бироз олдинроқ ҳам олиб борилмоқда. “Росатом” дунё бўйлаб, шу жумладан, Ўзбекистондан ҳам кўпроқ сейсмик фаол ҳудудларда объектлар қуряпти. Шу боис, бошқа жойларда қўлланган барча ечимлар бу ерда ҳам синовдан ўтказилади ва амалга оширилади. Бу атом электр станцияси учун мумкин бўлган сабабларни минималлаштиришга ёрдам беради. Шартноманинг бир қисми ёқилғи билан боғлиқ. Шунинг учун интеграциялашган атом электр станциясига ўтганда, зарур ёқилғи аллақачон мавжуд бўлади. Ҳозирда лойиҳа тўрт қувват блоклари логикасида амалга оширилмоқда: иккиси кам қувватли, иккитаси юқори қувватли, – деди у.

Мунозаралар давомида берилган барча саволларга жавоб қайтарилди. Асосий эътибор радиация хавфсизлиги, сув ресурслари ва қишлоқ хўжалигига таъсири, янги иш ўринлари, ижтимоий ва транспорт инфратузилмаси ҳамда аҳолини тиббий кузатиш, шунингдек, станцияни қуриш ва ундан фойдаланишнинг барча босқичларида одамлар саломатлигини ҳимоя қилиш чораларига қаратилди.

Эшитув якунларида барча таклифлар акс этган баённома кўпчилик овоз билан маъқулланди ва материаллар таҳлил қилиб, ваколатли органларга юборилади.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/GXuFugR7dRw" title="Birinchi atom elektr stansiyasi loyihasi bo‘yicha jamoatchilik fikri qanday?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Насиба Зиёдуллаева, Дониёр Ёқубов,

Анвархўжа Аҳмедов (видео-монтаж), ЎзА