Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Биргина мақоласи билан Совет ҳукуматини таҳликага солган ўзбек қиз – у қандай қилиб қатағон қурбони бўлган эди?
08:30 / 2022-02-09

Яқинда фарзандини айиқ қафасига улоқтирган аёл катта шов-шувга сабаб бўлди. Фожиага аёлнинг руҳий ҳолати жойида эмаслиги, ҳаёт қийинчиликлари қаршисида ожиз қолгани рўкач қилинди.

Аммо, бундан 100 йил олдин ўзбек хотин-қизларининг на руҳий ҳолати, на кўнгил майллари инобатга олинган, 15 ёшли қиз отаси тенги инсонга узатилган, ҳатто, қизларнинг таълим олишларига ҳеч бир шароит мавжуд бўлмаган замонларда миллионлаб ўзбек қизлари кўплаб соҳаларда мислсиз жасорат кўрсатган эди.

ЎзА ана шундай ўзбек аёллари билан таништиришда давом этади. Бу галги қаҳрамонимиз Туркистон жадидчиларидан бири, 17 ёшида ёзган биргина мақоласи билан Совет ҳукуматини ларзага солган ўзбек қизи – Хайринисо Мажидхонова. Мазкур мақолада қатағоншунос олим Баҳром Ирзаев минтақамизнинг ижтимоий-иқтисодий, илмий-маданий тараққиёти учун Оврўпа сари улкан юриш бошлаган ўзбек ёшларидан бири Хайринисо ҳақида ҳикоя қилади:

«Бизнинг дардимизни ҳам буюк қуроллари матбуот, мактаб ва театрдир. Бизда буларнинг ҳар қайсиси бор. Локин, улар ўзларининг ўзларининг тарихий вазифаларини ерига етказа оладирғон даражада эмасдирлар. Бизнинг янги мактабларимиздан шул вақтғача халқ ҳуркиб келди. Матбуотдан узоқ турди. Театрни англамади. Чунки, буларнинг ҳар қайсиси ўзининг ўзининг асосий вазифасининг ҳайкал мужассами бўла олмади. Халқнинг руҳига эҳтиёт билан яқинлашиб, унга таъсир ижро қила олмади. Ҳар бир халқнинг уйғониш даврида ғоят муҳим ўрин тутадирғон бу уч буюк қуролни ўз вазифаларининг руҳи билан суғориш бизнинг навбатдаги ишимиздир...

Бизнинг тадрижий тараққиётимиз шул йўллар билан борса керак. Акс ҳолда, биз ўз мозийимиздан узулиб халқнинг ғурбатда қолишига сабаб бўлурмиз».

Мазкур теран фикрлар ёзилган мақола 1922 йилда «Туркистон» газетасида 16 ёшли ўзбек қизи Хайринисо Мажидхонова муаллифлигида чоп этилади.

1922 йилда Германияга таҳсил олиш учун юборилган талабалар орасида билими ва салоҳияти билан Хайринисо Мажидхонова бошқалардан фарқли ажралиб турарди.


Хайринисо 1905 йил 25 декабрда Тошкентда туғилган. Унинг отаси - оқсоқол Мажидхон Жалилов  Марказий Россиянинг Москва, Санкт -Петербург каби қатор шаҳарларига сафар қилган ва жадид ғояларини яхши ўзлаштирди ва ўз қизларининг ҳам европача таълим олишига ёрдам берди.

Шундай қилиб, Хайринисо аввал Мирободдаги янги мактабда ўқиган. У ерда рус ва немис тилларини ўрганган.

У болалигиданоқ Туркистон жадид матбуотини кўп мутолаа этарди.
Қизнинг дунёқараши янгича қарашлар билан шаклланишида жадид матбуотининг, шунингдек,  биринчи ўзбек хотин-қизлар билим юртида ўқиётган опаси Ойпошшахоннинг таъсири катта бўлган.

“УЙҒОН ТУРКИСТОН”

Юқорида таъкидлангандай, 1922 йили “Туркистон” газетасида Хайринисонинг «Уйғон Туркистон» сарлавҳали мақоласи чоп қилинади. Унда эндигина 17 ёшни қаршилаган қизнинг Ватан тараққиёти ҳақидаги қарашлари акс этади.

Бу мақола ўшанда Совет ҳукуматининг ҳам сергак тортишига, Туркистон ёш жадидларининг маънавий қудратидан хавфсирашларига сабаб бўлади.

Мақолада ўтган асрнинг бошида яшаган ўзбек қизининг тарихий тафаккури қанчалик улканлигини кўриш мумкин. Унинг Ватан келажаги ёнида ўзини қанчалик масъулиятли сезишидан таажжубга тушасиз.

Орадан қарийб юз йил ўтса-да, мақолада илгари сурилган фикрларнинг баъзилари бугун ҳам долзарблиги эътиборимизни тортди.

Мақоладан парча: “Туркистоннинг дунё савдо майдонида тутқон вазияти XVII асрдан бери тубан даражада қолиб келди. Бу аср умуман мусулмон мамлакатларининг таназзул даври бўлиб, таназзулнинг ҳам кўп сабаби карвон йўлларининг аҳамияти кетиб, ғарблилар тарафидан денгиз йўлларининг юксалтирилиши эди. XIX асрда ҳам Туркистон Ғарбий Овруподан узоқ бўлғонлиғи учун, тараққиёт томонидан бошқа мусулмон мамлакатларидан ҳам тубан даражада турди. XX асрнинг бошида ҳам қўшнимиз бўлган Эрон халқи сиёсий фикрлар билан суғорилиб, ўз элида саноат турғизиш ва четларнинг таъсиридан қутулиш йўлида қон тўккани муддатда бизнинг Туркистон тинч ухламоқда эди... Фақат Руссиядан темир йўл келиб, савдо майдони кенгайди...

Бундан очиқ англашиладирки бизнинг мозийимизни порлоқ қилғон – элимиздан ўтган карвон йўли бўлса, истиқболимизни порлоқ қилғучи, элимизни жаҳон савдо майдониға тутошдирғувчи улуғ темир йўлдир.

Улар бизнинг савдомизни кенгайтур, бизга бойлиқ ва ободлиқ берур ва ўзимизга катта саноат турғазишга имкон очар.
Туркистон иқлимининг қизғинлиғи ва ерининг мунбит(ҳосилдор)лиги уни доим қийматлик ҳосилот берувчи зироат мамлакати равишида қолдирғусидир. Иккинчи томондан Туркистон тоғларининг маъданга бойлиғи бунда тоғ саноатининг юксалишига сабаб бўлғусидир. Бу икки асос – ҳаётни таъмин қилиш йўлларининг юксалиши натижасида (пахта заводлари, ипак фабриклари, маъдан заводлари шекилли) катта саноатнинг бошқа хиллари ҳам юксалгусидирлар. Туркистоннинг табиий бойлиқларини ишлата олғали, катта саноатни турғизгали ва натижада янги темир йўллар ўтказгали кучи етсун ҳозирги хўжаликдан ортиб қолиб тўпланғон бойлиқнинг бўлиши керак. Ҳозирги зироатнинг маҳсулотини ортдириш учун бирдан-бир чора бўлса зироатда ҳар хил янги ишлаб чиқориш усуллари, янги қуроллар ва машиналарни қўлланишидир. 
Ҳозир бу қуролларни Овруполилардан олтун баробарига олишга тўғри келганидек, келгусида ҳам ҳар хил саноат қуролларини Овруполилардан сотиб олишға мажбур бўламиз. Машина қанча қиммат бўлса ҳам уни қўллашимиз керак. Чунки, ул бизнинг бойлиғимизни ортдира оладир. Буни Ғарб давлатларининг ҳаётида машинанинг тутқон ўрни исбот қиладир» дейди.

ОВРЎПА САРИ ЮРИШ

Германияда таҳсил олишга юборилаётган талабалар  3 нафари  ўзбек қизлари эди. Улардан бири тошкентлик Хайринисо Мажидхонова, яна бири Саида Шераҳмадбоева ва хоразмлик Марям Султонмуродовалар бўлган.

Ўшанда қизлар учун оддий мактабга қатнашнинг ўзи қийин бўлган. Шундай вақтда  қизларнинг билим олиш учун узоқ хорижга йўл олиши зиёлилар томонидан улкан жасорат деб, таърифланди.

Ҳатто, ёш шоир Боту Хайринисонинг Германияга кетаётгани ҳақида махсус шеър ҳам ёзади.

Хайринисо Мажидхонова 1923–24 йилларда Берлинда “Хорижликлар учун немис тилини ўрганиш” мактабида ўқийди ва ўрта маълумот тўғрисида шаҳодатномани қўлга киритади.

1924-26 йилларда Дармштадтдаги ўқитувчилар семинариясида немис тили ва адабиёти йўналишида таҳсил олади.  1926–28 йилларда амалиётни Берлин шаҳридаги ўқув муассасаларида ўтаб, ўрта махсус маълумот олгани тўғрисидаги дипломни қўлга киритади.

У Берлинда педагогик амалиётни ўзлаштириб, машҳур доктор Феккелманнинг тиббиёт ходимларини тайёрловчи хусусий мактабида ҳам илм олганди.

У Ўзбекистонга қайтгач, амбулаториясида шифокор-врач бўлиб фаолият юритди. Буюк мақсадлар йўлидан борди.

Аммо навқирон 32 ёшида тоталитар тузумнинг қонли қатағони гирдобига тортилди...

АЙБЛОВ

1937 йил. Миллат гулларини маҳв этишга киришган Сталинча қатағон қиличи қонсираган кунлар. Ўша йилнинг 13 сентябрида “1922-28 йилларда Германияда ўқиган ва 1928 йил СССР ҳудудига жосус сифатида қайтган” деган сохта айблов билан Хайриниса Мажидхонова ҳам қамоққа олинади.

Ордер асосида у яшаётган отасига тегишли Катта Миробод кўчаси 43 уй, 1-хонадонда тинтув ўтказилди. Сўнг унинг умри давомида тўплаган китоблари, таржималари, хатлари, суратлари, хуллас, барча буюмлари олиб кетилди. 

Терговда асосий эътибор 1927 йилнинг ёзги таътили вақтида дугонаси Марям Султонмуродова билан бирга Париж саёҳати ва у ерда Мустафо Чўқай ҳамда Бухородан Германияга таҳсил олиш учун юборилган Аҳмад Наимлар билан бўлган тасодифий учрашуви тафсилотига қаратилди. Хайринисо туҳматлардан иборат айбловларнинг барчасини рад этди, қийновларга сабот билан чидади. Бироқ, бу унинг Ўз ССР ЖК 57 I (Ватанга хиёнат, ҳарбий ва давлат сирларини сотиш, шпионаж), 62 (аксилсовет тарғибот), 67 (аксилинқилобий ташкилотга аъзолик) моддалари билан айбдор деб топилишига тўсқинлик қила олмади. 1938 йилнинг 9 октябрида ўтказилган машъум “Учлик” суди қўйилган айбларнинг ҳеч бири исботланмаганига қарамай, унга ўлим жазосини белгилади. Ҳукм ўша куннинг ўзидаёқ ижро этилади.

ОҚЛОВ

Сталинизм фош этилиши билан унинг опа-сингиллари ҳам Хайринисонинг иши ва унинг сўнгги тақдири билан қизиқишди. Бироқ, Хайринисо Мажидхонова 1942 йил жазони ижро этиш даврида вафот этган деган хабардан сўнг оила аъзолари қайта бу масалани кўтармайди. Улар Совет жазо органларининг қўлидан нима ишлар келишини яхши билган.

Хайринисо Мажидхонованинг номи фақат 1999 йил 7 октябрга келибгина Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан оқланди.

Мафтуна КАРИМОВА,ЎзА