Болаларга нисбатан зўравонлик жамиятнинг энг оғриқли ва жиддий муаммоларидан бири. Жисмоний, руҳий ёки маънавий зўравонлик боланинг соғлом ривожланиши, таълим олиши ва келажакда комил инсон бўлиб етишишига салбий таъсир кўрсатади. Болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш нафақат ҳуқуқий чоралар, балки оила, таълим муассасалари ва жамоатчиликнинг ҳамкорликдаги масъулиятини талаб этади.
Соҳа вакилларининг таъкидлашича, дунё бўйлаб ҳар йили бир миллиарддан ортиқ бола жисмоний, руҳий ёки жинсий зўравонликка учрайди. Бундай ҳолатлар боланинг соғлиғи, руҳий ҳолати ва келажакдаги ривожига узоқ муддатли салбий таъсир кўрсатади.
Ўзбекистонда ўтказилган сўнгги сўровлар натижаларига кўра, 1 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларнинг ярмидан кўпи ота-оналар томонидан турли шаклдаги зўравонликка дуч келган. Бу масала нафақат болаларни ҳимоя қилиш, балки соғлиқни сақлаш, таълим ва барқарор ривожланиш билан ҳам бевосита боғлиқ.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 декабрдаги “2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида бир қанча вазифалар белгилаб берилди.
Хусусан, 2026 йил 1 февралдан бошлаб, зўравонлик натижасида оиласидан олинган ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилади. Профессионал тутинган оилага ҳар бир жойлаштирилган болани парваришлаш учун ҳар ойда Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 2 баравари миқдорида маблағ тўлаб борилади.
–Ҳар қандай зўравонлик боланинг руҳий ҳолатига чуқур из қолдиради ва унинг келажакдаги ҳаётига салбий таъсир кўрсатади, –дейди UNICEF'нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Болаларни ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи Антония Людеке. – Кўп ҳолларда болалар ўзлари дуч келаётган зўравонлик ҳақида очиқ гапира олмайди, шунинг учун катталарнинг эътибори ва ҳушёрлиги жуда муҳим. Болани тинглаш, уни қўллаб-қувватлаш ва хавфсиз муҳит яратиш орқалигина биз ушбу муаммонинг олдини олишимиз мумкин.
Ўзбекистонда қабул қилинган стратегия болаларни ҳимоя қилиш соҳасида комплекс ва узоқ муддатли ёндашувни акс эттиради. Бу ҳужжат мамлакатнинг келгуси йилларга мўлжалланган йўл харитасидир. У нафақат оқибатлар билан курашишни, балки зўравонликнинг олдини олишга қаратилган самарали чораларни ҳам ўз ичига олади. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали ҳар бир бола хавфсиз, ҳимояланган ва зўравонликдан холи муҳитда улғайишини таъминлаш мумкин.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА