Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бирга яшаш саодати: Наманганда нуронийлар эъзозланди
08:19 / 2022-08-12

Доно халқимизда “Қариси бор уйнинг париси бор”, деган нақл бор. Кексаси бор хонадон саришталик ва фариштали бўлади. Балки, ота оналаримиз ҳар бир ишда дуогўй ва маслаҳатчиларимиз ҳамдир.

Наманганда “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” эзгу ғоясини ўзида мужассам этган мустақиллигимизнинг 31 йиллиги байрами тантаналари кайвони нуронийларни эъзозлашдан бошланди. Вилоят ҳокимлиги, вилоят Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкиллаштирилган “Бирга яшаш саодати” байрам тадбирига 60 йил ва ундан ортиқ вақтда турмуш қуриб яшаб келаётган мўътабар инсонлар таклиф қилинди.

Узоқ йиллар давомидаги самарали меҳнатлари билан юрт ривожига салмоқли ҳисса қўшган, бугунги кунда кексалик гаштини суриб ёш авлод таълим-тарбиясида маҳалладошларига қанот бўлаётган Хорунхон Аюбхонов ва Раҳимахон Мусоханова (Наманган шаҳри), Ёқубжон Акбаров ва Турсунхон Шокирова (Давлатобод тумани), Олимжон Жалилов ва Турсуной Дадахонов (Янги Наманган тумани) каби нуронийлар вилоятдаги энг намунали оилалар сифатида алоҳида эътироф этилди.

Уларнинг дуолари туфайли юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон, оилалар мустаҳкам бўлмоқда. Фаол кайвонилар “Ўн ёшга бир нуроний” тамойили бўйича хайрли ташаббусларни амалга оширишда ҳам фидойилик кўрсатмоқда. Ёшлар юриш-туриши, уларнинг бахту камолида фахрийларимизнинг ҳиссалари беқиёс. Кексаларини эъзозлаган, ёшларини иззатлаган юртга байрамлар ярашади.

Байрам тадбирида Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов, вилоят Нуронийлар жамоатчилик Кенгаши раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Икромхон Нажмиддинов ана шундай умргузаронлик қилаётган 50 нафар ибратли оила соҳибларини табриклаб, уларга совғалар улашди.

Бундай хайрли тадбирлар вилоятнинг барча туман, қишлоқларида давом этмоқда.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА