Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Бирдан ҳамма ёқ чақнаб, қаттиқ овоз эшитилди"
13:15 / 2023-09-28

Бугун эрта тонгдан ижтимоий тармоқларда тарқалган нохуш хабарлар, кўнгилни хира қиладиган видео ва расмларни кўриб, ҳаммамиз хавотирга тушиб қолдик. Сергелида юз берган ёнғин оқибатида яқин атрофдаги уй-жойлар, боғча ва мактаблар, дорихонаю дўконларга шикаст етгани, аҳоли вакиллари ҳам турли даражада жароҳат олгани ҳақидаги хабарлар яшин тезлигида тарқалди.

ЎзА мухбирлари “Қурувчилар” массивида бўлиб, аҳоли вакиллари билан суҳбатлашди. 

— Воқеа жойига жуда яқинмиз, — дейди Сергели тумани Қурувчилар массивида яшовчи фуқаро Д.Эшова. — Аллоҳга шукр, яхшимиз, шикаст етмади. Аммо жуда қўрқиб кетдик. Ҳалиям қўрқувим босилмаяпти. Ҳаммаси секундлар ичида бўлиб кетди. Нима бўлганини тушунмай ҳам қолдик. Бирдан ҳамма ёқ чақнаб, ёруғ бўлиб кетди, шунчалар қаттиқ овоз эдики, “дом”имиз портлади деб ўйладим. Юрагимнинг қўрқувини босолмаяпман.

Қизимни мактабга жўнатишга кўчага чиқсам, кўчаларда ойна ва ром бўлаклари, дорихоналарнинг ойналари тўкилиб, дорилар сочилиб ётипти. Яқинимиздаги мактаб ва боғчаларнинг ҳам ойна, эшиклари синиб тушган, шунинг учун мактаб ва боғчалар ёпилди. Қизим 7-массивдаги мактабга боргани учун уни жўнатдим. Кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватларида жойлашган дўконлар бир аҳволда, кўча тўла одам, тез ёрдам машиналари, ҳарбийлар одамларга кўмак беришяпти. Тепамиздан тинимсиз вертолётлар учиб ўтяпти. 

Шунақа пайтда ҳол сўраганлар ҳам бир мадад, далда бўляпти бизга. Жароҳат олганларга тезкорлик билан ёрдам беришяпти, тиббиёт ходимлари уйма-уй кириб чиқишяпти. Ҳаммаси ортда қолди. Аллоҳ асрасин ҳаммамизни, — дейди суҳбатдошимиз.

Кутилмаган бу фалокатдан ҳудуд аҳолиси қўрқувга тушгани рост. Айни пайтда  қутқарув бўлинмалари ходимлари томонидан тезкор ишлар олиб борилаяпти. Тиббиёт ходимлари томонидан жароҳатланганларга тиббий ёрдам кўрсатилаяпти. Ҳукумат комиссияси воқеа жойида тегишли чора-тадбирларни олиб боришаётгани ҳудуддаги нохушликларни бартараф этиш ҳамда аҳолига далда бўлишда катта аҳамият касб этмоқда. 

ЎзА сайти ва ижтимоий тармоқларида воқеалар тафсилотлари ҳақида маълумотлар бериб борилади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА