Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги Дўстлик канали бўйида жойлашган саломатлик йўлагида “Спорт — нафислик ва саломатлик манбаи” шиори остида оммавий спорт марафони бўлиб ўтди.
Тадбир Сирдарё вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ташаббуси билан хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни спортга кенг жалб этиш ҳамда соғлом оила муҳитини шакллантириш мақсадида ташкил этилди.

Эрта тонгдан бошланган марафон кўтаринки руҳ ва юқори кайфиятда ўтди. Унда нафақат Гулистон шаҳридан, балки вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан ташриф буюрган 500 нафардан ортиқ хотин-қизлар фаол иштирок этишди. Қатнашчилар орасида “Мўтабар аёл” кўкрак нишони соҳибалари, “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирланган оилалар вакиллари ҳамда оқила ва фаол аёллар ҳам бор эди.

Тадбирга вилоятдаги олий таълим муассасалари вакиллари ҳам кенг жалб этилди. Турли ёш тоифасидаги иштирокчилар спорт машқларида фаол қатнашиб, соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқиш ва интилишларини намоён этдилар. Марафон нафақат жисмоний фаоллик, балки бирдамлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва ижобий кайфият майдонига айланди.

Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Наргиза Тожибоева спортнинг аёллар саломатлиги ва оила фаровонлигидаги аҳамияти ҳақида сўзлаб, бундай ташаббусларнинг келгусида ҳам изчил давом эттирилишини таъкидлади. Шунингдек, Оқолтин туманидан ташриф буюрган, 80 ёшдан ошган велоспортчи ва “Мўтабар аёл” кўкрак нишони соҳибаси Ҳабиба Мирзаева барча иштирокчиларга ибрат бўларли фаоллиги билан алоҳида эътибор қозонди.

Гулистон давлат педагогика институти хотин-қизлар ишлари бўйича бошланғич ташкилоти раҳбари Нодира Носирова ҳамда вилоят оқила аёллар ҳаракати аъзоси Зулфия Қорабоева спортнинг нафақат жисмоний, балки маънавий саломатликка ҳам ижобий таъсири ҳақида фикр билдириб, хотин-қизларни доимий равишда жисмоний фаоллик билан шуғулланишга чақирдилар.
Ғулом Примов, ЎзА