French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бирдамлик, соғлом турмуш тарзи, ғайрат ва шижоат байрами
09:23 / 2021-06-04

Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги Театр-концерт саройи очиқ майдонида спорт турлари бўйича вилоятнинг барча шаҳар ва туманлари маҳаллаларидаги уюшмаган ёшлар ўртасида икки ой давомида ўтказилган мусобақаларнинг финал босқичлари ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ўтказилган спорт мусобақаларида 10 мингга яқин ёшлар иштирок этди

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ҳаваскор спортчиларни, ғолиб ва совриндорларни табриклади.

–Мамлакатимизда ёшларга Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан катта эътибор қаратилаётгани замирида улкан маъно мужассам. Зеро, улар юртимизнинг порлоқ келажаги. Бугун нафақат спорт турлари бўйича ғолибларни, вилоятимизнинг барча ёшларини табрикламоқчиман. “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида ўтаётган мазкур тадбир бирдамлик, соғлом турмуш тарзи, ғайрат ва шижоат байрами сифатида аҳамиятлидир, – деди вилоят раҳбари.

Вилоятда уюшмаган ёшлар билан ишлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида аниқ тадбирлар белгилаб олдинди. Хусусан, улар ўртасида спортнинг бир қатор турлари бўйича мусобақалар, сектор раҳбарлари кубоклари ташкил этилди.

Байрам тадбирида спортнинг шахмат, стритбол, мини футбол, кураш, волейбол, енгил атлетика ва Street Workout (кўча спорти) турлари бўйича ғолиблар саҳнага таклиф этилди. Уларга вилоят ҳокими, Давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар, солиқ бошқармалари, вилоят прокурори, Шарқий ҳарбий округ қўмондонлигининг кубок, диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Тақдирлаш маросимидан сўнг вилоят санъат усталари, таниқли хонандалар томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди. Тантанага йиғилган ёшлар куй-қўшиқларга жўр бўлди, рақсга тушди. Тақдирлаш маросими чин маънода ёшлар байрамига айланди.

Фарғона осмонида ёғду сочган мушаклар баркамол авлод вакилларининг қалбини хурсандчиликка тўлдирди.

М. Сулаймонов, ЎзА