Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
​Бир йил ичида тўртинчи бор гуллаётган анор...
08:41 / 2020-09-01

Айнан шу 1 туп анорни шу йилнинг ўзида тўрт бор гуллаб, ҳозирча уч бор мева тукканини қўлимдан келгунича суратга олдим.

Бу табиат мўжизасимикан ёки иқлимдаги ўзгаришлар оқибатида ҳаётимизнинг ўтиш тезлиги даражаси ошгани шу 1 туп анор орқали берилаётган белгимикан-а?

Ҳовлимда бир қанча мевали дарахатлар сингари 6 туп анор ҳам бор.

2014 йилнинг баҳори, ўрик довчаланиб, шафтоли гуллари чангланиб, эртаки олма гулга кирган, анор энди гулдан нишона кўрсатаётган пайтда, қор ёғиб, қишда кўмилмайдиган дарахтларнинг меваларини, кўмиладиган – анор, анжир, ток каби мевали дарахтларни бутунлай совуқ урди.

Анор, анжир ва ток қуриб, чўп бўлиб қолгач, тубидан кесиб ташладим. Нима сабабдандир анжирнинг тагидан ниҳол кўкариб чиқмади, Аммо ток ва анорнинг тагидан тўлиқ питирлаб ниҳоллар кўкариб чиқди.

Бурноғи, яъни 2018 йили ҳовлимдаги анорлар нишона бериб, 3,4,5 ва 6 донагача мева берди. Ўтган 2019 йили эса мамлакатимиз мевали боғларида анор йили бўлди, десак муболаға бўлмас. Менинг ҳовлимдаги анорларимнинг ҳосили ҳам чакки бўлмади. Ҳовлимдаги 6 туп анорнинг, сиз суратда кўраётган 1 тупи, ўтган йили 32 килограмм ҳосил берди.

Жорий йилнинг апрель ойи охири май ойининг бошларига келиб, айнан шу анор 5-10 дона, қолганлари 2-3 тадан гул кўрсатиб, шу тупида гулларининг 2 донаси, қолганларида битта яримтаси, чангланган экан, мева тугди.

“Мева ҳосили бир йил ундай, бир йил бундай, деб бежиз айтишмаган эканда, бу йил анорлар жуда кам ҳосилланди”, деган фикр хаёлимдан ўтди.

Аммо май охири, июнь ойининг бошларига келиб, фақат шу 1 туп анор иккинчи бор гуллаб, яна 3-4 дона мева кўрсатди. “Ҳаво иссиқ бўлганига гуллагандир” десам, июль охири август бошига келиб, айнан, шу 1 туп анор яна учинчи бор гуллади. “Бу йилнинг ҳисобига шу охирги гуллаши бўлса керак-да, ҳаво иссиқ, тагида сув сероб”, дея хулоса берай десам, сув ҳам қуёш ҳам ҳамма анорларга бир хилда тақсимланиб, нур сочади.

Мана август ойи ҳам якунланди. Бугун 1 сентябрь – мамлакатимиз Мустақиллигининг 29 йиллиги байрами билан кузнинг илк куни бошланди.

Мўжизани қарангки, шу ҳовлимдаги 1 туп беор анор, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, шу йилнинг ҳисобига тўртинчи бор гулга кираётганини (суратда кўриниб турибди) қандай тушиниш мумкин?

photo_2020-08-31_17-30-13.jpg

Айнан шу 1 туп анорни шу йилнинг ўзида тўрт бор гуллаб, ҳозирча уч бор мева тукканини қўлимдан келгунича суратга олдим. “Нега айнан шу 1 туп анор бир йилда тўртинчи маротаба гуллаяпти?” деган саволга эса жавобни балки, сизлар биларсиз? Бу табиат мўжизасимикан ёки иқлимдаги ўзгаришлар оқибатида ҳаётимизнинг ўтиш тезлиги даражаси шу 1 туп анорда кўринаётганмикан? Сиз нима дейсиз?

Абдужалол ҚАЮМОВ,
журналист, Жиззах шаҳри