Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бир жангчи бош эгар кўзларида ёш...
21:00 / 2020-05-12

Бугун дунё саҳнида Ўзбекистоннинг ўз ўрни, ўз мақоми бор, тинчлик ҳукмрон.


Бугун дунё саҳнида Ўзбекистоннинг ўз ўрни, ўз мақоми бор, тинчлик ҳукмрон. Аслида, мана шу тинчликни, мусаффо осмонимизни қанчадан-қанча аждодларимиз орзу қилмаган эди бир пайтлар...

Болалигимда, биз набиралар, супада чой ичиб ўтирган бобомнинг атрофларига йиғилиб олиб, улардан уруш ҳақидаги қизиқ ҳикояларини эшитишни хуш кўрар эдик. Ҳаммамиз ҳар томондан бобомни саволларга кўмиб ташлардик:

-Бобожон, нега бир қўлингиз йўқ?.

-Урушда ташлаб келганман болам...

Нигоҳларида армон муҳрланган бобомнинг ҳамма ҳикояларини ҳаяжон билан тинглардим. Болалик шууримга муҳрланган хотиралардан бири, бобом ҳикояларининг ичида бирини кўп такрорлар ва айтаётганда бир нуқтага тикилганча узоқ муддат сукут сақлаб, хотиралар оғушида оғир хўрсиниб қўярдилар. Хотиралар бобомни олис уруш майдонларига олиб кетар экан, энди билсам.

Бобом ўн етти ёшида урушга кетиб, жангда дайди ўққа дуч келиб, бир қўлларидан айрилиб қайтганлар. Ҳикоя қилишларича, Содиқ исмли ҳамқишлоқлари оилада еттита қиздан кейин ягона ўғил бўлиб, оналари йиғлай-йиғлай якка-ю ягона ўғилларини урушга кузатган экан. Ва ҳар куни хат келишини кутиб, остонада телбанамо йўл пойлаганча умрлари поёнига етган. Бобом Содиқдан кейинроқ урушга кетган бўлсалар-да, дўсти билан жанг майдонларнинг бирида учрашиб қолишади, жангу-жадалда тузукроқ гаплашишнинг ҳам иложи бўлмаган, аммо бобом ўша кунги ҳамқишлоқларининг ғамгин кўзларидаги меҳрни, катта соғинчни неча йиллар давомида унутолмадилар, такрор-такрор сўзлаб берардилар. Афсуски, Содиқ урушдан қайтмади. Аммо унинг ўша тикилган маъюс нигоҳи бобом хотираларида кўп йиллар яшади, бу интиқ нигоҳ — юрт меҳри, ватан соғинчи эди.

Бугун уруш тугаб, ғалаба қозонилганига 75 йил бўлди, биз учун уруш ҳикоялари эртакдир.

Отам хотирлашларича, урушнинг сўнгги йилларида, мамлакатда очарчилик ҳукмрон, оталар урушда, касалманд волидалари қишнинг қирчилламасида амаллаб тўрт жўжабирдай жонни бир кун оч, бир кун чала тўқлаб, амаллаб кун кўришган пайтлар. Оналари ҳар куни: “Худойим, болаларимни соғ-омон кўкламгача етказ, у ёғига ердан қулоқ чиқарган чимни еб кун кўриб кетишар”, дея илтижо қиларканлар...

Имом Тарабоний ривоятларида: “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулик бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”, деган экан.

Кези келганда қаттиқ таъсирлантирган бир воқеага тўхталмоқчиман. Бир неча йил аввал, халқаро тадбир сабаб, қўшни Афғонистондан юртимизга ташриф буюрган ҳамкасбимизни дўстларимиз пойтахтимизнинг энг яхши меҳмонхоналаридан бирига жойлаштиришади. Эртанги тонгда нонушта устида азиз меҳмондан “Юртимиз ёқдими, яхши дам олдингизми?” дея сўрашади. Меҳмон, бир оз сукутдан сўнг, бир хўрсиниб шундай гап бошлайди:

- Балки сиз мен ҳозир айтадиган гапларимга ишонмассиз, аммо бу ҳақиқат. Мен бу тун шунчалар мириқиб ухлабманки, гўё жаннат боғларидагидек ҳис этдим ўзимни. Бунчалар ҳаловатли ва осуда уйқуни бизнинг халқимиз унутиб қўйганига анча бўлган. Биз кунларимизни ҳадик билан ўтказамиз, тунларни хавотир билан қарши оламиз. Ҳар куни уйқуга кетишдан аввал оила аъзоларимиз билан рози-ризолик сўраб, видолашиб уйқуга ётамиз. Чунки ҳар кеча қаердадир ё бомба портлаши ёки қуроллардан отилган ўқнинг машъум овози, ёки қайсидир бир бечоранинг айрилиқдан аламли дод-фарёди қалбимизни тилка-пора қилади. Қайсидир бир биродаримиз узоқроқ жойга отланса, бир-биримизга алвидо айтиб хайрлашамиз, чунки унинг соғ-омон қайтиши биз учун даргумон. Шундай кўргиликлар юракни эзган дамларда, бошимни олиб узоқларга кетиб қолгим келади. Аммо на иложким, ота-боболаримнинг хоки ётган ерни ташлаб қаерга ҳам борардим...

Минг шукурлар бўлсинки, бугун биз, ўзимизнинг Ватанимиз қучоғидамиз, ўз ватандошларимиз корига ярамоқ бахтига эгамиз. Бу Ватаннинг мана шу тинчлиги ва беғубор осмонини асраб-авайлаш эса ҳар бир юртдошимиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Ўзбек халқимиз фидойи миллат, юртимизга келган бугунги кулфатларни ҳам бирдамликда албатта енгиб, саодатли кунларга эришажакмиз. Ахир биз, бошига тушган не-не кулфату кўргиликларни матонат билан енгиб ўтган мардонавор халқмиз. Ушбу мунаввар рамазон кунларида дуода бўлайлик-ки, Яратганнинг ўзи халқимизни ва бутун инсониятни ўз паноҳида асрасин.

Хотира

Неча кун жанг борар суронли, нотинч,

Уйқусин йўқотган ҳорғин далада.

Дилда фақат бир сўз, тилак ва илинж,

Ортга йўл йўқ, мақсад фақат ғалаба!

Жангчилар илдамлар олдинга шаҳдам,

Ўқдан тилка-пора метиндайин тан.

Чекинмоққа йўл йўқ ҳатто бир қадам,

Ахир ортда юрт бор, орқада ватан...

Баногоҳ учрашди жанг майдонида,

Бир овулда ўсган икки қадрдон.

Фурсат йўқ суҳбатнинг онимас бунда,

Фақат нигоҳлари сўзлашур пинҳон.

-Дўстим омонмисан?

-Сен ҳам бормисан?

Ўзингни авайла ва ёдингда тут.

Насиб этмаса-ю, жангдан қайтмасам,

Менинг шу сўзларим бўлмасин унут.

Ватанни соғиндим, юртни соғиндим.

Осуда кунларни баридан кўпроқ.

Тинчлик замонида яшаш орзуим,

Қайсимизга насиб, у кунни кўрмоқ.

Кўз илинса қалқир беғубор осмон,

Шошиб очсам уруш, аёвсиз танглик.

Ажал майдонидан соғ чиқмоқ гумон,

Оҳ, қандайин ширин қўшиғинг, тинчлик!

Бир дайди ўқ келиб тегди ногаҳон,

Ўғлоннинг фалакка тикилди кўзи.

Орзулар ҳам энди мангулик армон,

Лабдан учди “Ватан” энг сўнгги сўзи...

Йиллар ўтса ҳам-ки, юракда бир тош,

Қалбида чандиғи, армон, ўкинчи.

Бир жангчи бош эгар кўзларида ёш,

Қадри шундай баланд Тинчликнинг!


Зилола Хўжаниёзова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси