VIII аср ўрталари жаҳон сиёсий харитасида икки буюк куч – ғарбдан шиддат билан кенгайиб келаётган Аббосийлар халифалиги ва шарқдан ўз таъсир доирасини кенгайтиришга уринаётган қудратли Тан империяси (Хитой) ўртасидаги геосиёсий рақобат авж олган давр эди. Бу икки улкан салтанат манфаатлари айнан Мовароуннаҳр заминида тўқнашиши муқаррар эди. Бу ҳудуд нафақат Буюк ипак йўлининг юраги, балки маданий ва савдо оқимларининг асосий чорраҳаси ҳам эди. Тарихнинг ушбу ҳал қилувчи палласида минтақанинг келажакдаги қиёфасини белгилаб берган ҳодиса юз берди. Бу – Тароз жангидир.
Машҳур араб тарихчиси Ибн Асирнинг “Ал-комил фи-т-тарих” (“Мукаммал тарих”) асарида келтирилишича, можаро маҳаллий ҳокимиятлар ўртасидаги зиддиятдан бошланган. Фарғона ихшиди (ҳокими) ва Шош (ҳозирги Тошкент) ҳокими ўртасида келишмовчилик юзага келади. Ўз кучига ишонмаган Фарғона ихшиди ёрдам сўраб Хитой ҳукмдорига мурожаат қилади. Бу мурожаат Тан империяси учун Мовароуннаҳрда ўз мавқеини мустаҳкамлаш учун қулай баҳона бўлади. Хитой қўшини ёрдамга келиб, Шош ҳокимини қамал қилади. Оғир аҳволда қолган Шош ҳокими таслим бўлади, аммо улар ваъдаларига хилоф равишда унга ва унинг аҳолисига нисбатан шафқатсизлик қилишади.
Бу хабар Хуросондаги аббосийлар ноиби Абу Муслимга етиб боргач, у минтақадаги стратегик мувозанат бузилаётганини ва Хитойнинг кенгайиши халифалик манфаатларига жиддий таҳдид солишини дарҳол англайди. Абу Муслим вазиятга аралашишга қарор қилади ва ўзининг энг ишончли саркардаларидан бири – Зиёд ибн Солиҳ бошчилигидаги қўшинни Тан империяси кучларига қарши юборади. Икки буюк салтанатнинг қўшинлари 751 йилнинг июль ойида Тароз дарёси бўйида юзма-юз келади. Бу тарихдаги энг муҳим жанглардан бирининг бошланиши эди.
Жанг беш кун давом этади. Иккала томон ҳам улкан куч ва маҳорат кўрсатади. Дастлабки кунларда кучлар нисбати тенг бўлиб, жанг натижаси ноаниқлигича қолади. Аммо ҳал қилувчи паллада кутилмаган ҳодиса юз беради. Хитой қўшини таркибида мажбуран сафарбар қилинган қарлуқ қабилалари жангда аббосийлар томонига ўтиб кетади. Бу ҳолат жанг тақдирини бутунлай ўзгартириб юборади. Қарлуқларнинг ҳаракати ва стратегик жойлашуви Тан армиясининг сафларида парокандаликни келтириб чиқаради.
Зиёд ибн Солиҳ қўшини бу қулай вазиятдан унумли фойдаланиб, якуний ва қатъий ҳужумга ўтади. Ибн Асирнинг ёзишича, мусулмонлар қўшини тўлиқ ғалабага эришади. Жанг натижасида хитойликларнинг катта қисми асир олинади. Қолганлари эса тартибсиз равишда чекинишга мажбур бўлади. Тароз жангидаги бу мағлубият Тан империясининг ғарбга қараб юришини бутунлай тўхтатади ва унинг Марказий Осиёдаги таъсирига чек қўяди. Минтақанинг келажаги энди Ислом цивилизацияси билан боғланади.
Аммо Тароз жангининг энг буюк ва жаҳоншумул аҳамияти бошқа бир жиҳат билан боғлиқ. Асир олинган хитойликлар орасида қоғоз ишлаб чиқариш сирларини биладиган ҳунармандлар ҳам бор эди. Самарқандга олиб келинган бу ҳунармандлар маҳаллий аҳолига қоғоз тайёрлаш технологиясини ўргатадилар. Натижада Самарқанд бутун мусулмон дунёсидаги биринчи ва энг машҳур қоғоз ишлаб чиқариш марказига айланади. Самарқанд қоғози ўзининг юқори сифати билан довруғ қозонади ва бутун дунёга тарқалади. Бу ихтиро Бағдоддан тортиб Андалусиягача илм-фан, адабиёт, маъмурий ишлар ва бутун маданиятнинг гуллаб-яшнашига мисли кўрилмаган туртки беради. Арзон ва қулай ёзув материалининг пайдо бўлиши китобларнинг кўпайишига, кутубхоналарнинг бойишига ва илмий билимларнинг кенг тарқалишига замин яратди.
Шундай қилиб, Тароз жанги нафақат ҳарбий ғалаба, балки бутун инсоният тарихига таъсир кўрсатган буюк маданий инқилобнинг дебочаси бўлди. Бу жанг Мовароуннаҳрнинг нафақат геосиёсий тақдирини, балки унинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшадиган ҳиссасини ҳам белгилаб берди. Бугун биз Тароз жангини эслар эканмиз, аждодларимизнинг нафақат ҳарбий жасоратини, балки янгиликни қабул қилиш ва уни бутун дунёга тарқатишдаги донишмандлигини ҳам ёдга оламиз.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА