Бир йилдан бери чўзилган тадбиркор муаммоси Бизнес-омбудсман аралашуви билан ҳал бўлди
Ӯзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бӯйича вакил – Бизнес-омбудсман томонидан давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида самарали мулоқотни мустаҳкамлаш, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини рағбатлантириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бирор-бир шаклда бузиш ҳолатларига барҳам бериш асосий мақсад қилиб олинган.
Бу борада тадбиркорларнинг қонуний манфаатларига давлат органлари томонидан риоя этилиши ва уларнинг ҳуқуқлари таъминланиши назоратга олинган. Бизнес омбудсманга Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида фаолият кўрсатувчи «исми кўрсатилмаган» тадбиркор мурожаат қилиб, унда товар белгиси рўйхатдан ўтказилмаётганлигидан норозилигини билдирган.
Мазкур мурожаат ўрганилганда, тадбиркорнинг товар белгисини олиш масаласи Интеллектуал мулк агентлиги томонидан бир йилдан ортиқ вақт давомида ҳал қилинмасдан келган.
Бизнес-омбудсман аралашуви билан тадбиркорнинг товар белгиси рўйхатдан ўтказилиши таъминланиб, қонуний фаолият юритишига амалий ёрдам кўрсатилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА