Бир йилда 131 та оила яраштирилди
Бугунги кунда жамият таянчи ҳисобланган оилани сақлаб қолиш дунё миқёсида муҳим муаммолардан биридир.
Бугунги кунда жамият таянчи ҳисобланган оилани сақлаб қолиш дунё миқёсида муҳим муаммолардан биридир. Оилалар аҳиллиги ва мустаҳкамлигига эришиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 1993 йил 20 сентябрдаги йиғилишида 15 майни ҳар йили “Халқаро оила куни” сифатида нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Шундан буён бутун дунёда, жумладан юртимизда ҳам ушбу сана кенг нишонланиб келинмоқда.
–Юртдошларимиз бир-бири билан учрашганда оилангиз тинчми, бола-чақангиз омонми, ҳамма саломатми, дея ҳол-аҳвол сўраши бежиз эмас, –дейди Тўрткўл тумани “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази раҳбари Атаулла Нуриев. –Чунки халқимиз оилани асрашни азалдан муқаддас вазифалардан бири, деб билиши бежиз эмас. Бу туйғу неча асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Кузатган бўлсангиз, эндигина тетапоя бўлаётган ўғил-қизлар ҳам оила аъзоларини дарҳол ажратиб олиб, уларга тақлид қила бошлайди. Оила қанчалар муқаддас маскан экани уларнинг онгига болалигиданоқ муҳрланиб боради.
Ўтган йиллар мобайнида юртимизда оила тушунчаси, унинг мазмун-моҳияти, жамиятда тутган ўрни масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Туманимизда оилаларимизни мустаҳкамлаш, ажримларни олдини олиш, оилавий қадриятларни ҳалқимиз онгига сингдириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасида “Оила” маркази туман бўлими томонидан бир қанча ижобий ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, 2018 йилда туманда 106 та ҳолатда ажрим кузатилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 103 тани, 2020 йилнинг шу бугунги кунигача 33 та ҳолатда ажрим кузатилди. Бундан кўринаяптики, туманимизда ажрим ҳолатида йилдан йилга камайиш кузатилаяпти. Ўтган бир йил давомида 131 та оила ажрим ёқасидан сақлаб қолинди ва яраштиришга эришилди.
Оилаларда маънавий-аҳлоқий муҳитни яхшилаш, намунали ва замонавий оилалар моделини кенг тарғиб этиш мақсадида “Ҳалқаро оила куни” ҳар йили туман миқёсида кенг нишонланиб келинмоқда. Ўтган йилнинг ўзида жойларда 50 га яқин маданий, маънавий-маърифий, спорт ва бошқа тадбирлар ташкил этилди. Шунингдек, “Ибратли оила” республика танловининг туман босқичи ташкил этилиб, унда 37 та маҳалла ва овул фуқаролар йиғинидан 100 га яқин намунали, ибратли оила иштирок этди.
Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш мақсадида 2019 йил июнь ойидан бошлаб “Оила” марказимиз қошида “Ёш келин-куёвлар инновацион мактаби” ўз фаолиятини бошлади. Шу кунгача туман ФҲДЁ бўлимига никоҳини расмийлаштириш учун ташриф буюрган 400 нафарга яқин ёшга “Оила маънавияти”, “Ислом динида оила масалалари”, “Репродуктив саломатлик”, “Оила психологияси”, “Оила бюджети”, “Оилавий ҳуқуқий муносабатлар” мавзуларида етук мутахассислар томонидан машғулотлар ўтилди. Қувонарлиси таълим олган ёш оилаларни доимий равишда назорат қилганимизда, биронтасида уруш-жанжал, келишмовчиликлар кузатилмади.
Халқаро оила куни муносабати билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги жорий йилнинг 10-15 май кунлари “Оила муқаддас” шиори остида “Энг яхши оилавий видеоролик” онлайн-танловини эълон қилган эди. Бу танловда туманимизнинг бир қанча ибратли оила вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқда. Оила жамият таянчи. Ватан оила остонасидан бошланади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, оила соғлом экан, жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан, мамлакатимизда тинчлик, фаровонлик, тўкинлик барқарордир.