Бугун давлат хизматлари кўрсатиш соҳаси тезкор, қулай ва сифатли тизимга айланиб улгурди.
Тошкент вилоятида ўтган 2021 йилда туман ва шаҳар Давлат хизматлари маркази орқали аҳолига 1 миллион 7 минг 101 та давлат хизматлари кўрсатилди. Шунингдек, 162 мингдан ортиқ фуқаро хизматлардан мустақил равишда Ягона интерактив давлат хизматлари портали my.gov.uz орқали фойдаланди.
Энг кўп фойдаланилган давлат хизматлари болаларни мактабгача таълим ташкилотларига жойлаштириш 125 минг 307 та (12 %), кадастр паспортини бериш 80 минг 132 та (8 %), кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишга ариза юбориш 65 минг 654 та (7 %), ичимлик суви ҳисоблагични қиёслашдан ўтказиш 36 минг 259 та (4 %), пенсия (нафақа) ҳақида маълумотнома олиш 30 минг 944 та (3 %)ни ташкил этди.
Энг кўп давлат хизматлари Ангрен шаҳар Давлат хизматлари маркази орқали кўрсатилди. Жумладан, Ангрен шаҳрида 90 минг 378 та, Зангиота туманида 79 минг 825 та, Қибрай туман ДХМда эса 77 минг 538 та давлат хизматлари кўрсатилди.
2021 йилда давлат рўйхатидан ўтган тадбиркорлик субъектлари сони 19 минг 117 тани ташкил этган бўлса, шундан 7 минг 742 таси юридик шахслар, 11 минг 375 таси якка тартибдаги тадбиркорлардир. Давлат рўйхатидан ўтган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони 35 тани ташкил этди.
Туман марказларидан узоқда жойлашган ҳудудларда ва аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, вилоятда Давлат хизматлари марказининг 9 та филиали ташкил этилган бўлиб, 2021 йил давомида улар томонидан кўрсатилган хизматлар сони 9 мингдан ошди.
Олис, чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолининг давлат хизматларига бўлган талаб ва эҳтиёжини қондириш мақсадида 15 минг 410 та сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.
Мусажон Каримов,
ДХА Тошкент вилояти бошқармаси
бўлим бошлиғи.
ЎзА