Навоий вилояти Адлия бошқармасида вилоят интеллектуал мулк ҳимояси маркази ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида юртимизда 15 февралдан 15 мартга қадар ўтказилаётган “Контрафактсиз ой” ойлиги муносабати билан брифинг ўтказилди. Унда марказ раҳбари Раҳматулло Иброҳимов вилоятда интеллектуал мулк соҳасини ҳимоя қилиш ва контрафакт маҳсулотларга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан маълумот берди.
Таъкидланганидек, Навоий вилоятида 2021 йилда жами 57 та тадбиркорлик субъектининг бренд номлари расмийлаштирилган. Бундан ташқари, юздан ортиқ ҳолатда контрафакт маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётгани аниқланиб, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари билан боғлиқ бешта ҳолат бўйича суд тартибида маъмурий жавобгарлик белгиланган.
– Айримлар бу жараённи тадбиркорлик фаолиятига тўсиқ сифатида баҳолаши мумкин, бироқ амалда ҳалол рақобат муҳитини ташкил этган ҳолда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилаяпмиз, – дейди Р.Иброҳимов. – Боиси, ҳар бир тадбиркор товар белгиси ёки бренд номи билан ташқи ва ички бозорда муносиб ўрин эгаллашга ҳаракат қилади. Айрим қалбаки маҳсулотлар эса уларнинг бу фаолиятига тўсиқ бўлиши мумкин. Жорий йилнинг ўтган даврида 50 та огоҳнома, 6 та тақдимнома ва 2 та маъмурий баённома расмийлаштирилиб судларга юборилди. Шунингдек, 10 нафар тадбиркорга ўз брендига эга бўлишига кўмаклашилди. Брифинг давомида “Контрафактсиз ой” ойлиги давомида вилоятда амалга ошириладиган вазифалар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.
Абдували Бўриев, ЎзА