Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган сана муносабати билан “Бир Ватан, бир эл, бир байроқ” шиори остида бутун юртимиз бўйлаб ўтказилаётган эстафета тадбири Наманган вилоятида кўтаринки руҳда ўтди.
Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланади. Хусусан, байроқ давлатни халқаро майдонда танитувчи асосий воситадир. Унда мамлакатнинг тарихи, миллий қадриятлари, ғоялари ўз ифодасини топади. Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи ҳам айни шу муҳим жиҳатлари билан эътиборга молик.
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда дахлдор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкилланган мазкур эстафета Янги Наманган шаҳарчасининг асосий кўчасида байрамона руҳда қарши олинди. Қўшни Андижон вилоятидан кутиб олинган карвон Норин, Учқўрғон, Уйчи ва бошқа бир қатор туманлар, Наманган шаҳридан ўтиб, Давлатобод туманига етиб келди.
Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали тадбирда сўзга чиққан Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов давлат рамзлари, хусусан, миллий ифтихоримиз ҳисобланган байроғимиз ҳақида тўхталди, йиғилганларни шонли сана билан қутлади. Байрам иштирокчилари биргаликда давлат мадҳиясини ижро этди.
[gallery-26320]
Шундан сўнг, Ўзбекистон байроғи билан безатилган автокарвонни юзлаб нуронийлар, аҳоли вакиллари, ёшлар Тўрақўрғон туманига тантанали равишда кузатиб қўйишди. Эстафета тадбирида умумтаълим мактаблари, Исҳоқхон Ибрат номли ижод мактаби ва Наманган давлат чет тиллари институти талаба-ёшлари шеърий композиция, кўргазмали ҳарбий чиқишлар билан байрам шукуҳини бахш этди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.