Шу шиор остида бутун мамлакатимиз бўйлаб йўл олган эстафета байроғи Қашқадарёдан Самарқанд вилоятига кириб келди. Эстафета байроғи Самарқанд вилояти жамоатчилиги, маънавият тарғиботчилари, зиёлилар, ҳарбийлар ва ёшлар вакиллари томонидан қабул қилиб олинди.
Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган кун олдидан ўтказилаётган ушбу тадбирлар доирасида Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида ёшлар ва кенг жамоатчилик иштирокида тарғибот учрашуви ташкил этилди.
Шу ердан улкан байроқни кўтарган ҳарбийлар, спортчи ёшлар, Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари, шунингдек, техника воситалари Регистон кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб, Кўксарой майдонига келди. Майдондаги Ўзбекистон байроғи ўрнатилган хиёбонда кенг жамоатчилик иштирокида давлат рамзлари, хусусан, давлат байроғининг мамлакат суверенитети, миллат ва халқ ҳаётидаги аҳамияти ҳақида суҳбат ташкил этилди.
– Байроқ давлатнинг мавжудлигини, унинг мустақил ва суверен эканини ифода этувчи муҳим рамзларидан бири ҳисобланади, – дейди Республика маънавият ва маърифат маркази Самарқанд вилояти бўлими раҳбари Х.Кўбаев.
[gallery-26252]
– Шу билан бирга байроқ давлатни халқаро майдонда танитувчи асосий восита. Унда мамлакатнинг тарихи, миллий қадриятлари, ғоялари ўз ифодасини топади. Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи ҳам ана шу жиҳатлари билан юртимизни дунёга танитувчи, барчамиз учун фахр ва ифтихор рамзидир. Байроқ халқни умумий тарих, маданият ва ғоялар атрофида бирлаштириши инобатга олиниб, бу йил давлат байроғимиз қабул қилинган кун арафасида ушбу эстафета ташкил этилди. Кеча ва бугун вилоятимизда ҳам эстафета тадбирлари кенг жамоатчилик, ёшлар иштирокида кўтаринки суръатда давом этмоқда.
Эстафета тадбирлари кеча Самарқанд туманидаги Хўжа Аҳрори Валий мажмуасида давом этди. Бугун байроқ Жомбой ва Булунғур туманларидан олиб ўтилиб, Жиззах вилоятига етказилади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА