Бир умр талаба бўлишни хоҳлаган инсон ёки ҳар йил биринчи курс ва биринчи дарс
ОНЛАЙН. Ҳозиргина ваъда қилганимиз кун қаҳрамонини ҳамкасблари, жамоадошлари билан суҳбатда бўлдик.
Ҳозиргина ваъда қилганимиз кун қаҳрамонини ҳамкасблари, жамоадошлари билан суҳбатда бўлдик.
- Бу журналга Озод Шарофиддинов жасорати билан асос солинган эди, - дейди «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррир ўринбосари Алмурод Тожиев. - Унда баркамол, машҳур совет даврида чоп этилмаган кўплаб асарлар таржима қилиниб, ўзбек китобхонларига тақдим этилди.
Кейинги бош муҳаррирлар устознинг анъаналари содиқ қолишди. Катта ўзгаришлар қилаолмаётганимизга келсак, бугун Шекспер, Толостой, Кафкалар йўқ. Дунё адабиёти қайсидир маънода майдалашди. Шунга кўра кейинги йилларда замондош адиблар ҳаётига мурожаат қилмоқдамиз. Ва бунда устоз Аҳмаджон Мелибоевнинг ўрни алоҳида. Журналга мундарижа, мазмун жиҳатдан ўзгартириш киритишга ҳаракат қилмоқдалар.
- Бу инсон мендан 15 ёшлар катта бўлса ҳам курсдошмиз, - дейди журнал бўлим мудири Муҳиддин Раҳимов. - 1976 йилда 25 талаба дарс ўтаётганимизда аудиторияни охирида биздан бир неча ёш катта икки инсонни кўриб, ҳайрон бўлдик. Маъруза тугагандан кейин, у инсонлар ўзини таништирди.
Билсак улар Аҳмаджон Мелибоев ва унинг курсдоши Салима Шарипова экан. Улар институтни битирганда агар Тошкентда қолсак ҳар йил биринчи курс талаба ёшлари билан биринчи дарсни ўқиймиз, деб ният қилишган экан. Шундан сўнг биз уларни орқа қилиб, кичик мақолаларимизни бу инсонга олиб борардик. Ўтган йилларда бу инсондаги фидоийликни кўрдим. Ҳар қадамда ҳаётни кузатиб, бошқалар илғамаган нималарнидир топа оладилар.
Бизда бир одат бор. Раҳбар инсон албатта жиддий бўлиши, бир оз ҳўмрайиб хонасига кириши, бошқалардан масофа сақлаши кузатилади. Аҳмаджон акада бундай одат йўқ. У дўст раҳбар сирасига кирадиган инсон.
Устоз Аҳмаджон Мелибоев ҳақида бундай илиқ фикрларни ҳар бир ижодкордан эшитишимиз мумкин. Лекин, таниқли публицист Тўлқин Эшбекдан ошириб, бир сўз айтишимиз қийин. “Устоз ҳар қандай муаммони ғоят хушфеъллик, оқиллик, юморга бой ҳикматлар, ҳазил-мутойибалар билан ҳал этади! Баҳайбат кўринган кўп муаммолар Аҳмад оғанинг юморлари олдида қандоқ ҳал бўлиб кетганини кўриб ҳайратда қоламиз. Бугун «газеталарни йўқотамиз» дейдиганларнинг аждодлари қадимда кутубхоналарга ўт қўйиб, умри нодир китобларга қирон келтириш билан ўтиб кетган, энди суяк сураётган бўлса, бу унчалик ажабланарли ҳол эмас, деганга ўхшаш аччиқ-тизиқ гапларни асло айтманг, дея панд-насиҳат қилган устознинг ўзлари «Аччиқ тутун» дея юморга бой мақола ёзиб, яна бир бора ибрат кўрсатди”.