Дунёнинг яна бир ҳайрат макони Комбоджада. Сувда сузиб юрувчи ва муқим турувчи қишлоқларни кўриб шундай хулосага келасан. Мамлакат шимолидаги Сием Реп шаҳридан 30-35 километр шарққа қараб юрсангиз, Комбоджанинг Тонлесан кўли қирғоқларига етиб келасиз. Уни ички денгиз ҳам дейдилар.
Ахир кўлнинг узунлиги 250, эни 100 километрда. Аммо гап кўлда эмас. Унга қуйиладиган дарё, ирмоқ ва кўл бўйларида сув устида турадиган қишлоқда. Бу ерга сайёҳларни олиб борадиган махсус қайиқлар бор. Ярим соат ирмоқдан сузсангиз, сув устидаги қишлоқлардан бирига дуч келасиз. Уйлар темир ва ёғочдан қоқилган устунлар устига қурилган. Ҳамма хоналар: ётоқхона, ошхона, меҳмонхона ҳатто заруратхоналари ҳам шу қозиқлар устида. Одамлар асосан балиқчилик билан шуғулланади. Асосий таом – сувда яшайдиганлар. Дўконлари эса сузар қайиқларда жойлашган. Сув лойқа, ёқимсиз ҳиди ҳам бор. Аммо болалар унда мириқиб сузаверадилар. Қишлоқнинг мактаб, полиция, ҳатто ибодатхоналари ҳам бор. Барчасига машина ўрнига қайиқларда қатнайдилар. Мактабда болаларга бутунлай бошқа ҳаёт ҳақида гапиришади. Шунинг учун ҳам ёшлар ўзга дунё излаб кетиб қоладилар. Шунга қарамай сузувчи қишлоқларнинг туб аҳолиси ҳаётидан мамнун, эртасига ишонади.


Бу ерда яна бир ҳолатга кўзимиз тушди. Шундай шароитда ҳам қишлоқнинг бойлари бор экан. Уларнинг уйлари ҳам сув устида, қозиқларга михланган. Лекин қишлоқдан айро, бир четда. Бойлар ҳамма ерда бўлар эканда...
Сув ичидан бўртиб чиққан кафтдек орол-қуруқликка ибодатхона қурибдилар. Унга ҳам қайиқда келадилар.


Қизиқ, шундай шароитда ўн минглаб одамлар бир умр яшамоқда.
Биз сайёҳатдаги ҳамроҳларимиздан сўрадик, сиз шу ерда яшар эдингизми? Улар шундай дедилар: бу ерда яшаш учун шу ерда туғилиш лозим.


Оқшом қўна бошлади. Денгизнинг озонга бойитилган ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас оламиз. Қуёш эса ўзга юртлар, ўлкалар, демакки, ўзга ҳаёт тарзи томон шошиб кетмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Jwed3VObI6w" title="Bir umr suv ustidagi hayot" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, ЎзА
Тошкент – Сиам Реп(Комбоджа).
2025 йил, декабрь.